Мирзиёев мутасаддиларга геология-қидирув ишларини кенгайтириш бўйича кўрсатма берди

Республикада ўтган 6 ойда қарийб 3 миллион тонна кўмир қазиб олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев геология соҳасидаги ишлар ва инвестиция лойиҳалари ижроси билан танишди. Унда мутасаддилар йил бошида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан ахборот берди.
Геология соҳасидаги ишлар ҳақида ахборот берилди
Қайд этилишича, ўтган 6 ойда қарийб 3 миллион тонна кўмир қазиб олинган.
“Шарғункўмир” акциядорлик жамиятида кўмир қазиб чиқариш бир кеча-кундузда 3,5 минг тоннага етказилган. Иккинчи ярим йилликда яна 5 миллион тоннадан зиёд кўмир қазиб олиниши режалаштирилган.
Шундан:
1,8 миллион тонна иссиқлик электр станцияларига етказилади;
1 миллион тоннадан ортиғи аҳолига етказилади;
540 минг тонна ижтимоий муассасаларга етказилади;
1,8 миллион тонна маҳаллий кўмир биржа савдоларига чиқарилади.
“Умуман, бу йил кўмир қазиб чиқариш ўтган йилга нисбатан 1,4 миллион тоннага кўп бўлиб, импорт ҳажми сезиларли қисқаради”, — дейилади хабарда.

Инвестиция лойиҳалари

Нишбош конини ўзлаштиришга Хитойнинг “Henan” компанияси 400 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритиши кўзда тутилган. Бу лойиҳа самарасида ерости усулида йилига 8 миллион тоннагача кўмир қазиб чиқариш ва шундан 5 миллион тоннасини бойитиш режалаштирилган.
“Юртимизда каолиннинг ҳам катта захираси мавжуд. Ҳозирда конларни ўзлаштиришга жалб қилинган тадбиркорлар томонидан 396 минг тонна маҳсулот қазиб олинмоқда. Бу жуда кам. Шу боис 2024-2025 йилларда Геология дастури доирасида 7 та кон ташаббускорларга таклиф этилади ва бу орқали қазиб олиш ҳажми 2 миллион 700 минг тоннага етказилади”, — дея қайд этилган хабарда.
Тошкент вилоятидаги “Апартак-3” кони негизида Туркиянинг “Bab Energy ve Petrol Urunleri A.S.” компанияси билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. 15 миллион долларлик мазкур лойиҳа натижасида 40 та янги иш ўрни яратилиб, йилига 70 минг тонна бойитилган каолин тайёрланади.
Давлат раҳбари геология-қидирув ишларини кенгайтириш, олинган хомашёлардан қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берди.
Ўзбекистон 2025 йилда кўмир қазиб чиқариш ҳажмини 10 млн тоннага етказади