ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Екатеринбургда бўлиб ўтаётган “Иннопром-2024” саноат маҳсулотлари кўргазмасига ташриф буюрди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Лазиз Кудратов “Иннопром-2024” кўргазмасида иштирок этди
© Министерство инвестиций, промышленности и торговли республики Узбекистан
Кўргазма дастурида саноатни ривожлантириш ва инвестициялар, савдо алоқалари, энергетика ва бошқа долзарб мавзуларда 100 тадан ортиқ давра суҳбати ва панел мунозараси ўрин олган.
Кўргазманинг асосий тадбири “Уфқ – 2035: ШҲТ – жаҳон иқтисодиётининг ўқи” номли панел мунозараси бўлди.
"Лазиз Кудратов ўз нутқида Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ҳудудида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш механизмларини, шунингдек, лойиҳа фаолияти ва саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган молиялаштириш механизмлари жорий этишни назарда тутувчи янги иқтисодий мулоқот бўйича ҳамкорлик дастурини яратиш таклифининг конструктивлигини алоҳида таъкидлади", — дейилади хабарда.
Кўргазма доирасида Россиянинг қатор вазирликлари, ҳудудлари ва компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
"Россия Федерациясининг янги тайинланган саноат ва савдо вазири Антон Алиханов билан музокаралар чоғида томонлар амалдаги келишувларни ҳаётга татбиқ қилиш жараёнини атрофлича муҳокама қилиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқишди", — дея қайд этилган хабарда.
Лазиз Кудратов “Иннопром-2024” кўргазмасида иштирок этди
© Министерство инвестиций, промышленности и торговли республики Узбекистан
Маълумот учун, “Иннопром – 2024” кўргазма майдони 50 000 кв.м ни ташкил этди. Кўргазмада Ўзбекистон, Хитой, Туркия, БАА, Беларусь ва бошқа мамлакатлар маҳсулотлари намойиш этилмоқда.