ТОШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Ўзбекистонда учунчи маротаба “Bukhara Night Race” пойгаси ўтказилади, дея хабар берди тадбир ташкилотчилари.
Пойга Бухорода 24 август куни бўлиб ўтади. Мусобақа йўналиши шаҳарнинг тарихий қисмларини қамраб олади. Спортчилар масофани диққатга сазовор масканлар, масжид ва мадрасалар, карвонсарой ва бетакрор кўҳна иншоотлар қуршовида босиб ўтишади.
“Жорий йил 5 ва 10 км масофадаги пойгалар, шимолий (скандинавча) юриш ҳамда 4 ёшдан ошган болажонлар пойгаси учун рўйхатдан ўтиш имкониятлари мавжуд”, — дейди тадбир ташкилотчилари.
Плоггинг – югуриш асносида майдонни чиқиндилардан тозалаш тадбири ҳам бўлиб ўтади. Эко-плоггингда 16 ёш ва ундан катталар иштирок этишлари мумкин, ота-оналар эса фарзандлари билан елкама-елка қатнашиш имкониятига эга бўлишади.
“Бу сафар иштирокчилар сони деярли икки карра ортиб, 3000 кишини ташкил этиши кутилмоқда. Қўшимча жойлар болалар пойгасида ҳам очилади”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Қайд этилишича, мусобақада иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш бошланган.
Маълумот учун, ўтган йили “Bukhara Night Race” тадбирида дунёнинг 20 та мамлакатидан 1600 нафардан ортиқ спортчи қатнашган.