"Ташаббусли бюджет"нинг иккинчи мавсуми 6 июлдан бошланади

Иккинчи мавсум учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 2,0 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. "Ташаббусли бюджет"нинг иккинчи мавсуми 6 июлдан бошланади, деб маълум қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Азимжон Ҳасанов АОКАда бўлиб ўтган брифингда.
Иккинчи мавсум 6 июлдан 1 сентябрга қадар, яъни 57 кун давомида 4 та босқич доирасида ўтказилиши режалаштирилган.
1.
Лойиҳаларни шакллантириш босқичи 6-26 июль кунларида бўлиб ўтади. Бунда фуқаролар “Очиқ бюджет” портали орқали ўз ташаббусларини илгари сурадилар;
2.
Саралаш босқичи 26 июлдан -15 августга қадар бўлиб ўтади. Бунда ҳудудий ишчи комиссиялар келиб тушган лойиҳаларни белгиланган меъзонлар асосида саралаб оладилар;
3.
Тарғибот босқичи 15 - 22 август кунлари бўлиб ўтади. Бунда овоз бериш босқичига ўтказилган лойиҳалар бўйича 7 кун давомида тарғибот кампаниялари ўтказилади;
4.
Овоз бериш босқичи: 22 августдан - 1 сентябрга қадар – 10 кун давомида лойиҳаларга овоз бериш босқичи ўтказилиши режалаштирилган.
Ушбу мавсумда кенг жамоатчиликни таклифларини инобатга олган ҳолда ортиқча оворагарчиликларни олдини олиш мақсадида жорий мавсумда овоз бериш босқичи 10 кун давомида ўтказилиши режалаштирилган.
Шуни ҳам алоҳида эслатиб ўтамизки, жорий йилдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” жараёнларида овоз бериш босқичида “бир фуқаро – бир овоз” тизими жорий этилган эди. Унга кўра, бир фуқаро ўз номида бир нечта сим-карта бўлишига қарамай, фақат битта рақамдан бир маротаба овоз бериш имкониятига эга.