Путин Орбан билан Кремлда учрашди

Виктор Орбан ЕИ "Тинчлик миссияси" доирасида Москвага келди. Эртага у Киевга ташриф буюриб Зеленский билан учрашади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 июл – Sputnik. Кремлда Россия президенти Владимир Путин ва Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг музокаралари бўлиб ўтмоқда.
Россия президенти бош вазирни Москвада кўрганидан хурсанд эканлигини айтди. Шу билан бирга, у Венгрия бош вазири Москвага ҳам Европа Кенгаши раиси сифатида ташриф буюрганига аниқлик киритди.
Учрашув мавзуларидан бири Украина тинчлик келишуви бўлди. Россия раҳбари суҳбатдошига Москва таклифининг тафсилотларини тақдим этишга тайёрлигини қўшимча қилди.
“Албатта, мен сиз билан ушбу масаланинг тафсилотларини муҳокама қилишга тайёрман ва умид қиламанки, мени ўз позициянгиз, европалик ҳамкорлар позицияси билан таништирасиз”, — деди Путин.
Орбан, ўз навбатида, Путинга қабул учун миннатдорчилик билдирди ва “бу учрашув аввалгисидан кўра ўзига хос” эканини таъкидлади.
“Фурсатдан фойдаланиб, сиз билан бир қатор муҳим масалаларни муҳокама қилмоқчиман. Мен Европа учун муҳим бўлган масалалар бўйича сизнинг позициянгизни билишни истардим. Яқин орада Венгрия ҳамма билан гаплаша оладиган Европадаги ягона давлатга айланади”, — деди бош вазир.
Икки томонлама муносабатларга тўхталган Путин, Россия ва Венгрия ўртасидаги савдо айланмасида 35 фоизлик пасайиш кузатилганини қайд этди. "Умуман олганда, устида ишлаш керак бўлган нарса бор, бизда жиддий лойиҳалар амалга оширилмоқда", дея қўшимча қилди у.

"Тинчлик миссияси"

Орбаннинг матбуот котиби Берталан Хавасининг хабар беришича, бош вазир Москвага “тинчлик миссияси” доирасида келган.
1 июль куни Венгриянинг Европа Иттифоқи кенгашига олти ойлик раислиги бошланди. Эртаси куни Орбан 12 йил ичида биринчи марта Киевга ташриф буюрди ва у ерда Владимир Зеленский билан учрашди.
Венгрия бош вазири Киевдан музокараларни бошлаш учун ўт очишни тўхтатиш имкониятини кўриб чиқишни сўраганини маълум қилди. Ўз навбатида, Украина президенти девони раҳбари ўринбосари Игор Жовкванинг айтишича, Киев можарони бошқа усуллар билан ҳал қилишга интилади.
Орбаннинг таъкидлашича, Венгрия Европа Иттифоқи кенгашига раислиги даврида тинчлик масаласи асосий масала бўлади.