Путин хавфсизликни сақлашни ШҲТ вазифаларидан бири деб атади

Путин: ШҲТнинг вазифаларидан бири унга аъзо давлатлар хавфсизлигини таъминлаш бўлиб қолмоқда.
Sputnik
TOШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатларнинг хавфсизлигини таъминлаш ташкилот фаолиятида устувор вазифа бўлиб қолмоқда, ушбу вазифани амалга ошириш учун ШҲТнинг минтақавий аксилтеррор тузилмаси ўзгартирилади. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Остонадаги ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида маълум қилди.
“Албатта, ШҲТ фаолиятидаги устувор вазифалардан бири ташқи чегаралар периметри бўйлаб давлат иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш бўлган ва шундай бўлиб қолади. ШҲТнинг минтақавий аксилтеррор тузилмасини хавфсизликка таҳдидларнинг барча спектрига жавоб берадиган универсал марказга айлантириш, шунингдек, Душанбеда наркотикларга қарши кураш марказини ташкил этиш бўйича бугун қабул қилинган қарорларнинг мақсади ҳам айнан мана шудир”, — деди Россия етакчиси.
Бундан ташқари, Путин ташкилотнинг Қозоғистондаги саммитида тасдиқланган ушбу соҳадаги ҳамкорлик дастури ШҲТ маконида сепаратизм ва экстремизмга қарши курашга ҳисса қўшишини таъкидлади.
Давлат раҳбари ШҲТга аъзо давлатлар тадбиркорларининг ҳамкорлиги ҳақида ҳам сўз юритди.
“Ташкилотнинг ишбилармонлар кенгаши ишламоқда, унинг ёрдамида мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларга қўшилиш имкониятига эга. Шанхай ташкилотининг банклараро ассоциацияси бу каби лойиҳаларни молиялаштиришда яқиндан иштирок этади”, — деди у.
Владимир Путин Россиянинг ШҲТда ўзининг тўлов ва ҳисоб-китоб механизмини яратиш билан шуғулланиш таклифини эслатди.
“2023 йилда ШҲТга аъзо мамлакатларда ялпи ички маҳсулотнинг ўртача ўсиши 5 фоиздан ортиқни, саноат ишлаб чиқариши 4,5 фоизни, инфляция даражаси эса атиги 2,4 фоизни ташкил этди”. Россиянинг ШҲТ давлатлари билан савдо айланмаси 2023 йилда 25 фоизга ошди. 2024 йил январь-апрель ойларида ШҲТнинг бошқа аъзолари билан тижорат операцияларида Россия фойдаланадиган миллий валюталар улуши 92 фоизни ташкил этди”, — дея қайд этди у.
Маълумот учун, 3-4 июль кунлари Остонада ШҲТ саммити бўлиб ўтмоқда. Тадбирда Россия, Озарбайжон, Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қатар, Қирғизистон, Хитой, Мўғулистон, БАА, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этмоқда. Саммитда ШҲТ бош котиби Чжан Мин ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам иштирок этмоқда.
ШҲТ давлатлари ташқи аралашувга қарши туриши керак — Си Цзиньпин