TOШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Мактабгача таълим агентлиги фаолияти тугатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти имзолаган тегишли фармонда назарда тутилган.
Президентнинг “Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
“Мактабгача таълим агентлиги (Агентлик) фаолияти тугатилди ҳамда Агентликнинг ташкилий тузилмасидаги ташкилотлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилди”, — дейилади ҳужжат матнида.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги зиммасига қуйидаги қўшимча функциялар юклатилди, жумладан:
илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда мактабгача ёшдаги болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;
мактабгача таълим ва тарбия жараёнига замонавий инновацион педагогик технологияларни, таълим ва тарбиянинг самарали шакллари ҳамда усулларини жорий этиш;
мактабгача таълимнинг ўқув режа, дастур ва ўқув-методик мажмуаларини такомиллаштириш, уларнинг умумий ўрта таълим дастурлари билан узвийлигини таъминлаш;
давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари орасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳисобига барча болаларнинг мактабгача таълим билан босқичма-босқич қамраб олинишини таъминлаш.
Эслатиб ўтамиз, Мактабгача таълим агентлиги 2023 йил январь ойида ташкил этилган эди.