Ўзбекистон ва Афғонистон чегараолди савдо зоналари фаолиятини фаоллаштиради

Тошкентда Афғонистон Саноат ва савдо вазирлиги билан ҳамкорликда тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Sputnik
TOШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Афғонистон делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий билан учрашди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Қайд этилишича, томонлар савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини ҳамда қўшма йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг боришини кўриб чиқишди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, чегараолди савдо зоналари фаолиятини фаоллаштириш, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

“Учрашувда 250 нафардан ортиқ афғонистонлик тадбиркорлар иштирокида бўлиб ўтадиган қўшма бизнес-форум ва заргарлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, тоғ-кон саноати, транспорт ва логистика каби соҳаларда фаолият юритаётган 75 та йирик Афғонистон компанияси маҳсулотлари намойиш этилаётган “Made in Afghanistan” кўргазмасининг ташкилий масалалари ҳам муҳокама қилинди”, — дейилади хабарда.

Учрашув якунлари бўйича томонлар Афғонистон Саноат ва савдо вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирлар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштириши, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва ўзаро манфаатли янги ташаббусларни бошлашига ишонч билдирди.