TOШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Наманган ва Ляньюньган ўртасида "Қардош ҳудудлар" меморандуми имзоланди, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги делегация Хитойда бўлиб турибди. Ляньюньган шаҳар партияси бош котиби Ма Шигуан билан бўлиб ўтган музокарада ҳудудлараро савдо-иқтисодий, инвестицион ҳамда туризм соҳаларида алоқаларни ўрнатиш икки томон учун ҳам манфаатли экани таъкидланди.
“Ляньюньган шаҳри тадбиркорлари аллақачон Наманганни билишади, жорий йил апрель ойида вилоятда ўтказилган Наманган-Хитой инвестицион форумида ушбу шаҳарнинг 50 нафарга яқин инвесторлари иштирок этган. Ўзаро мулоқотда таъкидландики, Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги мавжуд туризм шароитлари шу йўналишда ҳамкорлик ўрнатишга кенг имконият беради”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Ляньюньганда мавжуд сиҳатгоҳ, санаторийлар ҳамда дам олиш масканлари тажрибаси Чортоқ туманида тадбиқ этиладиган бўлди.
“Музокаралар якуни билан Наманган ва Ляньюньган ўртасида "Қардош ҳудудлар" меморандуми имзоланди”, — дея қайд этилган хабарда.
Делегация, шунингдек, Шандонг провинцияси Тианжин шаҳрида бўлди. У ерда гулчилик билан шуғулланувчи компания фаолияти билан танишилди. Ўзаро мулоқот якунида бу борада бир қатор келишувларга эришилди.