Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕИК раиси ва ШҲТ бош котиби ўртасида музокаралар бўлиб ўтди — билдирилган таклифлар

Учрашувда ЕОИИ мамлакатлари ва ШҲТ ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилинди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Остонада Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) раиси Бахитжан Сагинтаев ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) бош котиби Чжан Мин ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Томонлар келгусидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашишди, дея хабар берди ЕИК матбуот хизмати.
Учрашувда Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва ШҲТ котибияти ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми доирасида ЕОИИ мамлакатлари ва ШҲТ ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.
Суҳбат чоғида Бахитжан Сагинтаев бугунги кунда меморандумни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режасини тайёрлаш ишлари якунланаётганини айтиб ўтди. Шу муносабат билан у ҳужжат имзоланишини жорий йилнинг кузида Арманистонда бўлиб ўтадиган Евроосиё иқтисодий форуми доирасида ташкил этишни таклиф қилди.
ЕОИИ–ШҲТ форматида кейинги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида гапирилганда, ЕИК раҳбари Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатларининг минтақада халқаро транспорт йўлаклари, мультимодал ва контейнер ташувлари, юк ташишни рақамлаштиришни ривожлантиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.
Шу муносабат билан Бакитжан Сагинтаев қўшма ёндашувларни ишлаб чиқишни тезлаштириш, яқин келажакда ШҲТга аъзо мамлакатлар транспорт вазирлари ва ЕОИИ давлатларининг транспорт соҳасидаги ваколатли органлари раҳбарлари кенгашининг қўшма мажлисини ўтказишни таклиф қилди.
Томонлар, шунингдек, ШҲТ штаб-квартирасида “ЕОИИ кунлари”ни ўтказиш бўйича ЕИК ташаббусини кўриб чиқишди.

“Ушбу тадбир ишбилармон доиралар вакилларининг эътиборини тортиши шубҳасиз. Тажриба ва энг яхши амалиёт алмашиш мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишига ишонаман”, – деди Сагинтаев.

Ўз навбатида Чжан Мин замонавий жаҳон архитектурасида ШҲТ ва ЕОИИ ўртасидаги ўзаро таъсир омили тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Иқтисодий масалалар бўйича амалий тажриба алмашишга урғу берилган интеграцион мулоқот Катта Евроосиё ривожланиши учун қулай ва башорат қилинадиган шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган.