Мирзиёев минтақадаги кўприк ўрнатувчи ташаббускор, тинчлик элчиси — Антониу Гутерриш

Антониу Гутерришга "Олий Даражали Дўстлик" ордени топширилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 2 июл — Sputnik. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш "Олий Даражали Дўстлик" ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Кўксарой қароргоҳида БМТ бош котиби Антониу Гутерришга Ўзбекистоннинг олий давлат мукофотларидан бири - "Олий Даражали Дўстлик" орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Антониу Гутерриш "Олий Даражали Дўстлик" ордени билан тақдирланди
Мазкур мукофот Антониу Гутерришга жаҳонда ҳамжиҳатлик ва бирдамликни фаол илгари суриш, ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, мамлакатимиз ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун берилди.
Мирзиёев мукофотни топширар экан, Гутерришнинг Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги юксак даражага етишига қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Антониу Гутерриш
"Шунга иқрор бўлдимки, сиз бошлаган ислоҳотлар Ўзбекистон халқи муносиб бўлган порлоқ истиқболни таъминлашга қаратилган. Марказий Осиёда тарқоқлик жуда кенг илдиз отган эди. Сизнинг фаолиятингиз туфайли Марказий Осиё минтақасида янгича муҳит яратилди. Бу дўстлик, ўзаро ҳурмат, мулоқот, ҳамжиҳатликда масалаларни кўриб чиқиш, минтақада мавжуд бўлган қийинчиликларни енгиб ўтишга асосланган муҳит бўлди. Марказий Осиёни дунё цивилизацияси маркази деб биламан. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Самарқанд ва Бухорога боришни ўзи кифоя қилади” — деди Антониу Гутерриш.
У, шунингдек, Шавкат Мирзиёевни минтақадаги кўприк ўрнатувчи ташаббускор, тинчлик элчиси деб атади.
“Айни вақтда адолатга асосланган фаровонликни ташкил қилиш ва уни ўрнатиш бўйича жуда фаол иш олиб бормоқда. Шундай юксак даражали ва етук давлат арбоби, яқин дўстимдан шундай мукофотни олиш мен учун катта аҳамиятга эга ва буни алоҳида ардоқлайман", — дея фикр билдирди БМТ бош котиби.
Олий даражадаги музокаралар якунида Кўксарой қароргоҳида дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон президенти ва БМТ бош котиби Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт экишди.
Шу билан БМТ бош котибининг Ўзбекистондаги расмий ташрифи якунланди. Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.