ТОШКЕНТ, 2 июл – Sputnik. Россия ҳарбийлари Полтава вилоятидаги Миргород аэродромига ракета ҳужуми билан еттита Украина самолётини йўқ қилди, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги.
“Россия Қуролли кучларининг "Искандер-М" экипажлари Украинанинг Миргород аэродромидаги самолётлар туриш жойига гуруҳли ракета зарбаси бердилар”, — дейилади хабарда.
Украинанинг 831-тактик авиация бригадаси Миргороддаги ҳарбий аэродромда жойлашган. Бундан ташқари, учувчиларни тайёрлаш маркази ва яқин атрофда омборлар ва автотранспорт компанияси мавжуд. Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Запорожье вилояти ва Қрим йўналишидаги ҳужумлар учун Миргороддан муқобил аэродроми сифатида фойдаланади.
Мудофаа вазирлигининг аниқлик киритишича, зарба натижасида бешта оператив Су-27 кўп мақсадли қирувчи самолёти йўқ қилинган, яна иккитаси таъмирда бўлган.
Украина Қуролли кучларининг фуқаролик объектларига ҳужумларига жавобан Россия қўшинлари мунтазам равишда шахсий таркиб, ҳарбий техника ва ёлланма аскарларнинг жойлашган жойларига, шунингдек, инфратузилмага: энергетика объектлари, мудофаа саноати, ҳарбий маъмурият ва Украина коммуникацияларига мақсадли ҳужумлар уюштирмоқда.
"Искандер М" — Россиянинг оператив тактик ракета мажмуаси 500 км масофагача зарба беришга қодир. Ушбу мажмуа тезкор тартибда самолётлар ёрдамида исталган нуқтага етказиб берилиши мумкин. Ракеталар турли хил, жумладан, ядровий жанговар каллаклар билан ҳам жиҳозланиши мумкин.
Махсус операция бошланганидан буён 1 июль ҳолатига Россия Қуролли кучлари Украинанинг жами: 616 самолёти, 276 вертолёти, 27 040 учувчисиз учиш аппарати, 535 зенит-ракета тизими, 16 471 танки ва бошқа зирҳли жанговар машиналари, 1362 кўп ракетали тизимлари, 11 185 дала артиллерия қуроллари ва миномётлари, шунингдек, 23 201 та махсус ҳарбий автомобилларини йўқ қилди.