TOШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. Ўзбекистоннинг 70 фоиздан ортиқ аҳолиси Telegram’дан фойдаланади, дея маълум қилди Павел Дуров.
“Бу ҳафта мен Ўзбекистонга ташриф буюрдим ва у ердан жуда завқ олдим. Ўзбекистон Telegram’ни яхши кўради: мамлакатдаги 37 миллион аҳолининг 70 фоиздан ортиғи Telegram’да ва уларнинг бутун иқтисодиёти бизнинг платформамизда бошқарилади (мамлакатдаги ҳар бир бизнес Telegram боти ёки каналига эга). Биз бу машҳурликдан фахрланамиз ва бунга жавобан Ўзбекистонни яна севамиз”, — деб ёзади у.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистонга сафар давомида тез ривожланаётган Тошкентнинг замонавий инфратузилмаси, Шарқий Ўзбекистоннинг тоғли ландшафтлари, Бухоро ва Самарқанднинг бой тарихи уни ҳайратда қолдирди.
“Мен кўплаб ёш ва иқтидорли, қалби яхши одамларни учратдим. Мен самимий қабул учун миннатдорман ва шу йил охирида қуёшли Тошкентда кўпроқ қолишга умид қиламан”, — дея қўшимча қилган Дуров.
Эслатиб ўтамиз, Telegram асосчиси ҳафта бошида акаси билан Ўзбекистонга келганди. Отабек Умаров ўзбекистонликлар учун Telegram шунчаки мессенжердан каттароқ нарса эканини таъкидлаган.
“Биз унинг (Telegram – таҳр.) ёрдамида яқинларимиз билан доим алоқада бўлиш билан бирга, янгиликлардан хабардор бўламиз, ишларни юритамиз, керакли товар ва хизматларни топамиз”, — дейди Умаров.
Шунингдек, у Павел ва унинг яқинларини меҳмондўст Ўзбекистон заминида қабул қилиш ҳақиқий шараф эканини қўшимча қилган.
Аввалроқ Павел Дуров Марказий Осиёга “у ерда ҳаёт қандай кечаётганини кўриш, одамлар "Telegram"дан қандай фойдаланиши ва уларнинг рақамли эҳтиёжларини ўрганиш учун” боришини маълум қилган эди. У Ўзбекистондан аввал Қирғизистонга ҳам ташриф буюрди.