Венгриянинг йирик фармацевтика компанияси Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтирмоқчи

Ўзбекистон делегациясининг Венгрияга ташрифи амалга оширилади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. Венгриядаги йирик фармацевтика компанияси Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиради, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов "Эгис" ("Egis Pharmaceuticals PLC") фармацевтика компанияси бош директори ўринбосари, тижорат директори Чаба Потс билан учрашди. Унда компания Ўзбекистон билан дори воситалари савдоси соҳасида анча фаол ҳамкорлик қилаётгани айтилди.
“Венгрия вакили корхона тармоғидан дори воситаларининг айрим турларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан манфаатдорлик, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассислар ва фармацевтика соҳаси талабалари учун компаниянинг ишлаб чиқариш қувватларида иш тажрибасини ўрганиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди”, — дейилади хабарда.
Учрашувда томонлар Ўзбекистонда дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, мутахассислар алмашинуви, ўзбекистонлик мутахассислар учун амалиёт дастурини ташкил этиш ҳамда соҳага оид Ўзбекистон делегациясининг ташрифини ташкил этиш масалаларини ишлаб чиқиш тўғрисида келишиб олишди.
Ўзбекистонда бу йил фармацевтика тармоғида 400 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 200 миллион долларга етказиш режалаштирилган.