ТОШКЕНТ, 30 июнь — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бош котиби Антониу Гутерриш 30 июнь - 1 июль кунлари расмий ташриф билан мамлакатда бўлади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Олий мартабали меҳмоннинг ташрифи доирасида Тошкентда олий даражадаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.
Кун тартибидан Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг институтлари билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари, шунингдек, глобал сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ўрин олган.
"Мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади", — дейилади хабарда.
Ташриф давомида БМТ Бош котиби қатор саноат ва ижтимоий соҳа объектларини ҳам бориб кўради, икки томонлама учрашув ва тадбирлар ўтказади.