Йигит-қизлар бизнинг бебаҳо бойлигимиз, олтин фондимиздир — Мирзиёев ёшларни табриклади

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёшлар билан ишлаш бўйича дунёда ўхшаши кам бўлган вертикал бошқарув тизими яратилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. “Янги Ўзбекистон ёшлари” деган шарафли номга ҳар томонлама муносиб бўлган йигит-қизлар бизнинг бебаҳо бойлигимиз, олтин фондимиздир. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшларига йўллаган табригида маълум қилди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда ёшлар билан ишлаш бўйича дунёда ўхшаши кам бўлган вертикал бошқарув тизими яратилди.
Бу эса маҳаллалардаги Президент вакиллари бўлган ёшлар етакчилари орқали қанча-қанча йигит-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ кўплаб масалаларни қуйи бўғиннинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда.
Айниқса, “Ёшлар дафтари”, “Ёшлар баланси” платформаси асосида олиб бораётган кенг кўламли ишлар натижасини ўғил-қизлар ўз ҳаётида аниқ ҳис этмоқда. Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш бўйича жорий этилган янги тизим туфайли бу йилнинг ўзида “маҳалла еттилиги” тавсияси билан 156 минг ёшга 60 минг гектар ер майдони 30 йил муддатга ижарага берилган.
“Албатта, ёшларнинг мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, турли соҳаларда муҳим ютуқларга эришаётгани барчамизни хурсанд қилади. Биргина ўтган ўқув йилида мактаб ўқувчиларимиздан 55 нафари математика, кимё, биология, физика ва информатика фанлари бўйича нуфузли халқаро олимпиадаларда 8 та олтин, 15 та кумуш, 32 та бронза медалини, маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро танловларда эса ёшларимизнинг 383 нафари бош совринни, 1 минг 359 нафари 1-ўринни қўлга киритди”, — дейилади табрик матнида.
Таъкидланишича, яқинда Қатарда бўлиб ўтган футбол бўйича Осиё кубоги ўйинларида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мамлакат тарихида илк бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритгани ҳам барчага чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.

“Мана, бизнинг қандай истеъдодли, билимли ва матонатли ёшларимиз бор! “Янги Ўзбекистон ёшлари” деган шарафли номга ҳар томонлама муносиб бўлган бундай йигит-қизлар бизнинг бебаҳо бойлигимиз, олтин фондимиздир”, — дея қайд этди президент.

Ўтган йили Ёшлар тараққиёти индексига кўра, Ўзбекистон ёшлар сиёсати соҳасида энг тез ривожланаётган мамлакатлардан бири, деб эътироф этилган.
Шунингдек, БМТ томонидан “Ёшлар стратегияси – 2030”ни намунавий тарзда амалга ошириш бўйича танлаб олинган 10 та мамлакатдан бири айнан Ўзбекистондир. 2022 йилда Бухоро шаҳри – Туркий дунё ёшлари пойтахти, 2024 йилда эса азим Тошкент – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги минтақасида биринчи ёшлар пойтахти деб эълон қилинди.
“Шу кунларда мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган Бутунжаҳон ёшлар фестивали ҳам Ўзбекистонга бўлган юксак эътибор намунаси, десак, тўғри бўлади. Ушбу анжуманда 92 та мамлакатдан 700 нафардан зиёд чет эллик ёшлар, 20 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг вазирлик ва идораларидан раҳбар ва масъул ходимлар иштирок этмоқда. Энг муҳими, юртимиз ёшларининг бутун дунёда дўстлари, ҳамкорлари кўпаймоқда, билим ва касб ўрганиш, глобал мулоқот ва алмашувларда иштирок этиш имкониятлари кенгаймоқда”, — дейилади байрам табригида.
“Ҳеч қачон унутманг, сизлар ёшликнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, доимо бунёдкорлик ва ижодкорлик ҳисси билан, Ватанга чексиз меҳр ва садоқат туйғуси билан яшасангиз албатта кам бўлмайсиз”, — дея қайд этди президент.