ЕИ Исроилнинг Фаластин ҳудудидаги янги чегара постларини тан олмади

ЕИ яна бир бор Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудидаги аҳоли пунктларини кенгайтираётганини қоралади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Европа Иттифоқи Исроил молия вазири Бецалел Смотричнинг босиб олинган Фаластин ҳудудида бешта янги Исроил чегара постларини қонунийлаштириш кераклиги ҳақидаги баёнотини қоралади.

"Бу тинчликка қарши қаратилган саъй-ҳаракатларга путур етказиш учун яна бир қасддан қилинган уринишдир. Европа Кенгашининг жорий ҳафтадаги йиғилишида Европа Иттифоқи раҳбарлари Исроил ҳукуматининг босиб олинган Ғарбий Соҳилда ноқонуний аҳоли пунктларини янада кенгайтириш бўйича қарорларини қораладилар ва Исроилни бу қарорларини бекор қилишга чақирдилар", - дейилган баёнотда.

Ҳужжатда эслатиб ўтиладики, ўзининг узоқ йиллик умумий позицияси содиқ қолган ҳолда ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига мувофиқ, Европа Иттифоқи 1967 йилдан сўнг ўзаро чегараларга томонлар розилигисиз киритилган ўзгартиришларни тан олмайди.
"Европа Иттифоқи Фаластин миллий маъмуриятини заифлаштирадиган ҳаракатлар тўхтатилиши кераклигини таъкидлайди", дейилади баёнотда.
Шунингдек, Европа Иттифоқи БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига мувофиқ, икки давлатнинг “тинчлик, хавфсизлик ва ўзаро тан олиш шароитида ёнма-ён яшаш” ечимига асосланган мустаҳкам ва барқарор тинчликка содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Исроил-Фаластин можароси

Маълумот учун, 2023 йил 7 октябрь куни Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбий қаноти Исроил ҳудудига оммавий ракета зарбаси берди ва чегарага яқин ҳудудларга бостириб кирди. Бунга жавобан Исроил мудофаа кучлари "Ғазо" секторига ракета зарбалари берди ва бомбардиман қилди. Шунингдек, Исроил Ғазо секторини тўлиқ блокадага олди: сув, озиқ-овқат, электр энергияси, дори-дармон ва ёқилғи етказиб бериш тўхтатилди. БМТ маълумотларига кўра, айни дамда Ғазо секторида қурбонлар сони 10 минг кишидан ошган.

Россия иккала томондан ҳам ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга чақирди. Президент Владимир Путин Фаластин-Исроил можаросини фақат БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1947 йилдаги резолюциясини бажариш орқали ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлаган. Яъни пойтахти Шарқий Қуддусда бўлган мустақил Фаластин давлатини яратиш орқали.