ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. АҚШнинг амалдаги президенти Жозеф Байден ҳамда собиқ президент Дональд Трампнинг дастлабки сайловолди дебати бошланди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу дебат Трамп ташаббуси билан бўлиб ўтмоқда. Лекин унинг ташкилотчиси демократларни қўллаб-қувватловчи CNN телеканали. Шу сабабли ҳам телеканал Байден учун максимал қулайлик яратган. Дебатлар АҚШ тарихида биринчи маротаба томошабинларсиз залда бўлиб ўтади. Яъни ҳамма нарсани фақат эфир орқали кўриш мумкин.
Байден ва Трамп 90 дақиқа давомида, тик турган ҳолда, навбатма-навбат нутқ сўзлашади. Бир киши гапираётган вақтда иккинчисининг микрофони ўчирилган бўлади. Қуръа ташлаш натижасида Байден саҳнадаги ўзига қулай минбарни танлади, Трамп эса сўнгги сўз ҳуқуқини қўлга киритди.
Ушбу теледебатларнинг яна бир фарқли жиҳати — у номзодлар расман эълон қилинишидан олдин бўлиб ўтмоқда. Яъни шу йўл билар демократлар Байденни ҳам синаб кўришмоқчи. Агар у биринчи “жангда” ютқазса, уларда номзодни алмаштириш учун ҳали имкон бўлади.
Телебаҳслашувнинг асосий мавзулари бу — АҚШ ичидаги иқтисодий муаммолар, чегарадан ўтаётган ноқонуний мигрантлар ва Америкада бензин ва бошқа товарлар нархи ўсиши бўлади, дейишмоқда экспертлар.
Халқаро муаммолар орасида эса, албатта, Украина мавзуси муҳокама қилинади. Маълумки, Байден маъмурияти яқиндагина Украинага ёрдам кўрсатиш ҳақида шартнома имзолашди. Аммо Трамп бу мавзуда қарама-қарши фикрга эга. У Украинани тинчлик шартномаси имзолашга мажбурлаб, урушни қисқа вақт ичида тугатмоқчи.
Дастлабки сўровларга кўра, теледебатларда Трамп ғолиб чиқишини ёқлаб, 47 % киши овоз берган, Байден ғалабаси учун эса 37%.