Жиззахда бўлажак АЭС инфратузилмасини яратиш кузда бошланади

АЭС қурилиши белгиланган майдон кўздан кечирилиб, у ерда биринчи навбатда амлга оширилиши керак бўлган ишлар белгилаб олинди.
Sputnik
ТОШКEНТ, 27 июн – Sputnik. "Ўзатом" ва "Росатом" кам қувватли атом электр станциясини (КҚАЭС) қуриш бўйича шартномани амалга ошириш тартибига оид протоколни имзолади, деб хабар қилмоқда "Ўзатом" матбуот хизмати.
"2024 йил 26 июнь куни "Ўзатом" агентлиги ва "Росатом" давлат корпорацияси муҳандислик бўлими раҳбарларининг учрашуви доирасида кам қувватли атом электр станцияси қурилиши шартномаси кучга кириш тартиби тўғрисидаги баённома имзоланди", - дейилади хабарда.
Делегация, шунингдек, Жиззах вилоятида кузда 6 блокли АЭС қурилиши бошланиши режалаштирилаётган майдонни кўздан кечириб, у ерда биринчи навбатда амалга оширилиши керак бўлган ишларни белгилаб берди. Жумладан, барча инфратузилма билан таъминланган қурувчилар шаҳарчасини барпо этишга келишиб олинди.
Жиззахда АЭС қурилиши кузда бошланади
Делегациянинг қурилиш майдонига ташрифи доирасида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев билан учрашув ташкил этилди.
Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Жиззах вилоятида "Росатом" томонидан қуввати 330 МВт бўлган олти реакторли (ҳар бири 55 МВт) кам қувватли атом электр станциясини қуриш ҳақида келишиб олинган эди. Станция қурилишида "Росатом" бош пудратчи бўлади, лекин маҳаллий компаниялар ҳам иштирок этади. Қурилиш тўлиқ Ўзбекистон томони томонидан молиялаштирилади. КҚАЭС 2029 йилдан 2033 йилгача босқичма-босқич ишга туширилади.