Шавкат Мирзиёев Халқаро мақом санъати анжумани очилишида нутқ сўзлади

Ўз нутқида президент мақом санъатининг Ўзбекистон маданиятидаги аҳамияти ҳамда унга берилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда иккинчи бор ўтказилаётган Халқаро мақом санъати анжуманининг очилишидаги нутқида барча анжуман иштирокчиларини табриклади ва мақом санъатининг Ўзбекистон учун аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

“Бизнинг қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, азалий қадриятларимизнинг рамзи бўлган мақом санъати теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди. <…> Мақом санъати учун асосий мавзу – энг аввало, шахс, унинг эрки ва қадри, тинчлик-тотувлик, ҳамжиҳатлик ва умумбашарий тараққиёт ҳисобланади”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг президент Янги Ўзбекистонда маданият ва санъатни ривожлантириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаб ўтди ва мақом санъатига алоҳида эътибор берилаётганига урғу берди.

“Бугунги кунда мақом санъати бутун мамлакатимиз бўйлаб, бошланғич таълимдан тортиб, академик фан даражасигача бўлган босқичларда узлуксиз тарзда ўрганилмоқда. Биз Тошкент шаҳрида Мақом маркази янги биносини қуриш бўйича амалий ишларни бошладик. Мақом ривожи йўлида сермаҳсул ижод қилиб келаётган бастакор, композитор, мусиқашунос, хонанда ва созандаларни фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида юртимизда нуфузли миллий танловлар ўтказиб келинмоқда”, - деди президент.

Церемония открытия II Международного фестиваля маком в Джиззаке
Анжуман очилиш маросимига Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Африка қитъаларининг саксондан ортиқ мамлакатларидан қарийб 400 нафар меҳмонлар ташриф буюрди.
Шунингдек, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО, ТУРКСОЙ каби халқаро ташкилот вакиллари, МДҲ, Туркия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғиз Республикаси ва Озарбайжондан нуфузли меҳмонлар ташриф буюрган.