TOШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гюлер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Учрашув аввалида Туркия мудофаа идораси раҳбари Ўзбекистон етакчисига президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
“Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, яқин идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадбирлар ташкил этиш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди”, — дейилади хабарда.
Хавфсизлик соҳасида, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, шу жумладан Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.