TOШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида қайд этилган.
Ўзбекистон президенти ОАВ вакилларини 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан табриклар экан, мамлакатда сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигига эришиш йўлида кенг имкониятлар очилаётгани медиа воситалари вакилларининг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки, ўрни ва нуфузини янада кучайтираётганини таъкидлади.
“Мухтасар айтганда, куюнчак ва олижаноб журналистларимиз, фаол блогерларимиз ўзларининг қатъий позицияси, ҳаққоний сўзи билан ҳаётимиздаги ўткир муаммоларни ҳал этиш, ислоҳотларимизнинг самарасини ошириш, юртдошларимизнинг фикрини, дунёқарашини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси миллий медиа воситаларимиз “тўртинчи ҳокимият” даражасига яқинлашиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, бундай юксак маррага етиш осон эмаслиги, бу йўлда тўсиқ ва қийинчиликлар бўлиши табиийдир. Лекин, қанчалик қийин бўлмасин, бу борадаги ишларимизни қатъият билан давом эттирамиз”, — дейилади табрик матнида.
Айтилишича, матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда.
“Бу эса мазкур йўналишда айнан сизлардек жасур ва довюрак, Ватанни чин дилдан севадиган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонлар тобора кўпроқ бўлишини тақозо этмоқда. Ана шу талабдан келиб чиққан ҳолда, кўп қиррали профессионал билим ва малакага, юксак маънавий-интеллектуал фазилатларга эга бўлган замонавий журналист кадрлар тайёрлаш бундан буён ҳам устувор вазифамиз бўлиб қолади”, — деди президент.
Таъкидланишича, дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда тезкор ва чуқур таҳлиллар асосида ёритиб бориш ўта муҳим.
“Соҳада хизмат қилаётган барча юртдошларимизнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш масалалари бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади. Ушбу қувончли айёмда сизларни қутлуғ касб байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли фаолиятингизда янги ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака тилайман”, — дейилади табрикда.