Ўзбекистонда "Ташаббусли бюджет"нинг йўналишлари кенгайтирилмоқда

Келаси йилдан бошлаб бутун республика бўйлаб болалар боғчаларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда амалга оширилади. Ушбу мақсадлар учун 470 млрд сўмдан ортиқ бюджет маблағлари йўналтирилиши кўзда тутилган.
Sputnik
TOШКЕНТ, 26 июн — Sputnik. Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ 2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Уни амалга ошириш учун жами 77 868 триллион сўм йўналтирилди.
Мазкур дастур доирасида шу йилларда республика бўйича мактабгача таълим муассасаларида 18 минг 437 та ўрин ташкил этиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизматининг Sputnik мухбирига тушунтиришича, 2024 йил август ойидан бошлаб 2025 йил учун боғчаларнинг 50 фоизини танлаш “Очиқ бюджет” портали орқали амалга оширилиши режалаштирилган.
Ҳар ким мактабгача ёшдаги болаларнинг таълим шароитларини яхшилаш бўйича ўз таклифларини бериши мумкин. Қолган 50 фоиз боғчалар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгиланган тартибда ташкил этилади, дея аниқлик киритди вазирлик мутахассислари.
“Ташаббусли бюджетлаштириш аҳолига ҳудудларда мактабгача таълим муассасаларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини шакллантириш жараёнида фаол иштирок этиш имконини беради. Энг кўп аҳоли овозини олган лойиҳалар Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури лойиҳасига ҳар бир ҳудуд учун ажратиладиган маблағлар доирасида киритилади”, — дея маълум қилди вазирлик матбуот хизмати.
Шу билан бирга, ўзбекистонликлар “Бир фуқаро – бир овоз” тамойили бўйича ташаббусли бюджет платформаси орқали овоз беришлари мумкин бўлади. Вазирликка кўра, бу овозларни йиғиш учун SIM-карталарни оммавий харид қилиш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда.
“Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш доирасида 2025 йилда мактабгача таълим муассасаларига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 479,5 миллиард сўм йўналтирилади”, — дея қўшимча қилди вазирлик матбуот хизмати.