Парранда гўшти экспортига рухсат берилади: Ўзбекистонда чорвачилик қандай ўзгаради?

Республикага Туркия ва Россиядан зотдор эчкилар олиб келиниб, наслли эчкичилик кластери ташкил этилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 26 июн — Sputnik. Ўзбекистонда парранда гўшти экспортига рухсат берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимотида маълум қилинди.
Тақдимотда мутасаддилар паррандачилик тармоғини ривожлантириш стратегияси ҳамда бу йилги режалари юзасидан ахборот берди.
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимот.
“Бу йил парранда гўшти ҳажми 700 минг тоннадан 800 минг тоннага, тухум етиштириш 8,5 миллиард донадан 10 миллиард донага етказилиши айтилди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бу тармоқдаги энг муҳим масала – насл. Республикада гўшт йўналишидаги парранданинг 1-тартибли генетикаси йўқ, 2-тартибли генетика эса Венгриядан олиб келинаяпти.
Жаҳон бозорида парранда генетикасининг 80 фоизи АҚШ компаниясига тўғри келади. Шу боис улар билан ҳамкорликда паррандачиликда генетик технологияларни жорий қилиш ва наслчилик хўжаликлари ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, паррандачиликда кластер тизимини жорий этиш, тайёр бизнес лойиҳалар қилиб, тадбиркорларга бериш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Соҳа ривожини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятлар белгиланди.
“Унга кўра, паррандачилик корхоналари 5 йилга ер солиғидан озод қилинади. Парранда гўшти экспортига рухсат берилади. Тадбиркорларга берилган 35 миллион доллар арзон ресурсни қайтариш муддати 3 йилга узайтирилади”, — дея қайд этилган хабарда.
Давлат раҳбари озуқа-ем захирасини кенгайтириш ва паррандачилик хўжаликларига марказлаштирилган тартибда етказиш бўйича ҳам топшириқлар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимот.
Ҳозирги кунда республикада 39 та қоракўлчилик хўжалиги бор. Бухоро вилоятидаги 2 миллион гектардан зиёд яйловда 2 миллион бош қўй боқилмоқда.
“Булар, албатта, етарли эмас. Шу боис қоракўл қўйини кооперация асосида хонадонларда боқиш таклифи билдирилди. Хусусан, Қоракўл, Қоровулбозор, Ғиждувон, Пешку, Жондор, Олот туманларида аҳолига қўйлар етказиб берилиб, яйлов ва қудуқлар ажратилади. Озуқабоп ўсимликлар майдонлари кенгайтирилади. Бу каби чоралар орқали қоракўл қўйларини 6 миллион бошдан 7 миллион бошга етказиш вазифаси қўйилди”, — дея таъкидланди хабарда.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида эчкичиликни ривожлантириш бўйича топшириқ берган. Шунга мувофиқ, Туркия ва Россиядан зотдор эчкилар олиб келиниб, наслли эчкичилик кластери ташкил этилди.
Худди шу тахлит, Мўғулистон тажрибаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Наманган ва Тошкент вилоятига 5 минг бошдан наслли эчки олиб келиб, кўпайтириш зарурлиги айтилди. Бу икки йилда эчкилар сонини 100 минг бошдан ошириш имконини беради.
Тақдимотда эчкичиликда ҳам наслни яхшилаш, жунни қайта ишлаш орқали кашемир ва тивит маҳсулотлари етиштириб, экспортини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Маълумот учун, 2023 йилда паррандачилик тармоғида 253 та лойиҳа амалга оширилиб, бундай хўжаликлар сони 1 минг 300 тага етган, 4 мингта янги иш ўрни очилган. Келгусидаги истиқболли лойиҳалар учун халқаро ташкилот ва банклардан 420 миллион доллар жалб қилинмоқда.