Ўзбекистон ва Мўғулистон ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди — имзоланган ҳужжатлар

Ухнаагийн Хурэлсух Шавкат Мирзиёевни Мўғулистонга таклиф қилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 24 июн — Sputnik. Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида 14 та ҳужжат имзоланди, дея хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг самарали музокаралари якунида икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
1 / 3

Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида 14 та ҳужжат имзоланди

2 / 3

Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида 14 та ҳужжат имзоланди

3 / 3

Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида 14 та ҳужжат имзоланди

“Етакчилар Давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнотни имзоладилар”, — дейилади хабарда.
Давлат ташрифи давомида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
1.
Савдо, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик тўғрисидаги 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро дастур;
2.
Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим;
3.
Ҳаво алоқаси тўғрисида ҳукуматлараро битим;
4.
Халқаро автомобиль алоқаси тўғрисида ҳукуматлараро битим;
5.
Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
6.
Хавфсизлик кенгашлари котибиятлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
7.
Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
8.
Ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
9.
Фанлар академиялари ўртасидаги илмий ҳамкорлик тўғрисида битим;
10.
Миллий ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
11.
Савдо-саноат палаталари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
12.
Қўшма Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида баённома;
13.
Тошкент ва Улан-Батор шаҳарлари маъмуриятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим.
Ўзбекистон ва Мўғулистон президентлари иштирокидаги музокара.
Маросимдан олдин Ўзбекистон ва Мўғулистон президентлари иштирокида музокара ўтказилди. Унда қайд этилишича, яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини, энг аввало, талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш ҳисобига 5-10 баробарга ошириш учун салоҳият мавжуд.
“Шу мақсадда ҳукуматларга товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масалалари бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш, Улан-Батор ва Тошкентда расмий савдо уйларини очиш, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолашга тайёрлаш ҳамда бозорларга кириш шароитларини ўзаро енгиллаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилди”, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, икки давлат пойтахтларида ўзаро саноат кўргазмалари ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон ва Мўғулистон президентлари иштирокидаги музокара.
Ўзбекистон раҳбари ўрта муддатли Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди.
Ҳамкорликнинг бир қатор йўналишлари аниқлаб олинди. Бу, аввало, геологик қидирув, хомашё ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш, шу жумладан, бу соҳада кадрлар тайёрлашни ташкил этиш.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва турдош тармоқларда комплекс ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бу борада Қорақалпоғистон, Наманган ва бошқа вилоятларда йирик чорвачилик комплексларини ташкил этиш бўйича аниқ режалар бор.
Мўғулистондан гўшт ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни импорт қилиш, шунингдек, Ўзбекистондан товуқ гўшти, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича таклифлар тайёрланди.
"Ҳалол" стандартларига мувофиқ гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича кластер ташкил этиш ва минтақадаги мамлакатларга экспорт қилиш режалари қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, тери ва жунни чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш бўйича лойиҳалар таклиф этилди. Бу йўналишларда, шу жумладан, чорвачилик соҳасида илмий-тадқиқот институтлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш лозимлиги таъкидланди.
Бугун Ўзбекистон ва Мўғулистон етакчилари икки мамлакат бизнес доиралари вакиллари билан учрашув ўтказади. Улар томонидан янги лойиҳа таклифлари тайёрланган. Тошкентда илғор технологик ечимлар асосида замонавий диагностика марказини очиш, енгил саноат, рақамлаштириш, фармацевтика соҳасидаги лойиҳалар шулар жумласидан.
"Янгидан тузилаётган Ишбилармонлар кенгашининг фаолияти ва қўшма бизнес форумлари мунтазам ўтказилиши бу борадаги режаларни амалга оширишга хизмат қилади. Кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва солиққа тортиш принциплари тўғрисидаги асосий битимлар қабул қилинади", — дея қайд этилган хабарда.
Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш мақсадида ташриф давомида ҳаво ва автомобиль транспортида ташишлар тўғрисида муҳим битимлар қабул қилинади. Икки пойтахт ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш масаласи ўрганилади.
Шунингдек, энг самарали ва қисқа, шу жумладан, Қирғизистон ва Хитой орқали ўтадиган транспорт йўлакларини биргаликда таҳлил қилиш таклиф қилинди.
Иқтисодий кун тартибидаги барча масалаларни самарали илгари суриш учун Бош вазир ўринбосарлари даражасидаги Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Энг нуфузли университетлар ўртасида академик алмашинувларни йўлга қўйиш, шунингдек, грантлар асосида иқтидорли мўғулистонлик талабаларни Ўзбекистонда ўқитишни қайта тиклаш бўйича келишувга эришилди.
Эртага Тошкентда машҳур "Морин Хуур" мўғул оркестри иштирокида санъат усталарининг қўшма концерти бўлиб ўтади.
Икки мамлакат халқларини яқинлаштириш мақсадида Гуманитар ҳамкорлик дастурини тайёрлаш ва келгуси йилда Тошкент ва Улан-Баторда маданият кунларини ўтказиш таклиф қилинди.
Мамлакатлар ўртасида мавжуд визасиз тартибни инобатга олган ҳолда, қўшма дастурлар ва маҳсулотлар асосида туризм алмашинувларини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Музокаралар якунида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни тайёрлаш топширилди.
Ўзбекистон ва Мўғулистон президентлари иштирокидаги музокара.
Давлат раҳбари президент Ухнаагийн Хурэлсухнинг самарали мулоқотни давом эттириш учун Мўғулистонга жавоб ташрифи билан келиш таклифини қабул қилди.
Шавкат Мирзиёев Мўғулистон президентини қандай кутиб олди — фото