Тошкентда кўзи ожиз болалар таассуротлари асосида яратилган асарлар намойиш этилади

Хайрия кўргазмасидаги ижодий ишлар савдосидан тушган маблағлар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг кўриш қобилиятини тиклаш операцияларига сарфланади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 24 июн — Sputnik. Тошкент фотосуратлар уйида илк бор “Orzu” номли ноёб кўргазма-аукцион бўлиб ўтади, дея хабар берди Ёшлар ишлари агентлиги.
“Orzu” лойиҳаси – бу инсон ижоди ва сунъий интеллектнинг ўзига хос уйғунлашуви.
Кўргазма Бутунжаҳон ёшлар фестивали доирасида ташкил этилмоқда. Унда кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар таассуротлари асосида яратилган асарлар намойиш этилади.
Тадбир ташкилотчиларига кўра, бу расмлар шунчаки санъат эмас, балки болаларнинг чуқур ва таъсирчан фантазиялари ва тасаввурларининг аксидир.
Кўргазмада сунъий интеллект томонидан яратилган ва рассомлар томонидан қоғозга туширилган 20 та расм намойиш этилади.
Хайрия кўргазмасидаги ижодий ишлар савдосидан тушган маблағлар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг кўриш қобилиятини тиклаш операцияларига сарфланади. Айтилишича, ҳар ким лойиҳага онлайн тўлов хизматлари орқали ёрдам бериши мумкин, бу хайрия жараёнини осонлаштиради ва уни ҳамма учун очиқ қилади.
Кўргазма Тошкент фотосуратлар уйида 27-30 июнь кунлари бўлиб ўтади ва 29 июнь куни хайрия аукциони (соат 17:00 да) билан якунланади.