Шимолий Оролга сув келиши қарийб ўн бараварга кўпайди

Орол денгизига сув келиши йил давомида қарийб ўн баравар ошди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 24 июн — Sputnik. Шу йил бошидан буён Шимолий Орол денгизига 1,1 миллиард куб метр сув келиб тушди. Бу ҳақда Қозоғистон сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги маълум қилди, деб ёзмоқда Sputnik Қозоғистон.
“Бугунги кунда Шимолий Оролдаги сув ҳажми 21,4 миллиард куб метрни ташкил этади”, — дейилади хабарда.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув комиссиясининг 86-йиғилишида томонлар ирригация мавсумида Шимолий Орол денгизига 997 миллион куб метр сув қуйилиши, сув оқими эса сониясига камида 30 куб метрни ташкил этиши ҳақида келишиб олишган, дея эслатди вазирлик.
“Ҳозир секундига 50 куб метр сув денгизга тушмоқда, бундан бир йил олдин сув оқими сониясига 6 куб метрни ташкил этган”, — дейилади хабарда.
Аввалроқ Қозоғистонда Шимолий Орол денгизини жанубдан ажратиб турган Кўкарал тўғони қурилиши якунланган. Тўғон Шимолий Орол денгизи сув сатҳини кўтариш имконини берди. Тўғон фойдаланишга топширилган пайтдан бошлаб бугунги кунга қадар Сирдарёдан Шимолий Орол денгизига 46,6 миллиард куб метр сув қуйилган.
“Охирги 7 йил ичида денгизга 13,3 миллиард куб метр сув тушди. Сўнгги йилларда Шимолий Оролда сув ҳажми камайиб бораётган бўлса, 2024 йил бошидан буён яна ўсишни бошлади ва бугунги кунда 21,4 миллиард куб метрга етди”, — деди вазирлик расмий вакили Молдир Абдуалиева.
Вазирлик шунингдек, Сирдарё оқимининг 75 фоизи Қирғизистон, 20 фоизи Ўзбекистон ва 5 фоизи Қозоғистонга тўғри келишини эслатиб ўтди.