TOШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Кеча, 21 июнь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Мўғулистоннинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган Дааданхуу Батбаатарнинг ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилди. Бу ҳақда Саидов Телеграм каналида хабар берди.
Учрашув кун тартибидан олий даражадаги бўлажак учрашувлар, иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриш, қўшма истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, барча соҳаларда яқин ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ўрин олди.
“Жаноб элчига Ўзбекистондаги фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз”, - деб ёзади Саидов.
Эслатиб ўтамиз, Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 23-26 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади.