Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди

Қўшма аниқ тадбирлар ва парламент делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга ҳам келишиб олинди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Кеча, 21 июнь куни Чўлпон-Ота шаҳрида Ўзбекистон-Қирғизистон парламентлараро ҳамкорлик комиссиянинг IV мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон томонидан комиссия ҳамраиси Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳисобланади. Қирғизистон томонидан – Қирғизистон Жогорку Кенеши вице-спикери Нурланбек Азигалиев.
Томонлар очиқ ва конструктив руҳда икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболларини, парламентлараро алоқаларни кенгайтириш, ҳудудлараро ва чегараолди ҳудудлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, юқори даражада эришилган Ўзбекистон-Қирғизистон келишувларини амалга оширишга кўмаклашиш масалаларини кўриб чиқдилар. Шунингдек, келгусида давлатлараро ва парламентлараро форматдаги муҳим тадбирлар муҳокама қилинди.
2024 йилга мўлжалланган Парламентлараро ҳамкорлик режасини амалга оширишнинг бориши тўғрисидаги ахборот, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Состоялось очередное заседание Межпарламентской комиссии по сотрудничеству между Олий Мажлисом Республики Узбекистан и Жогорку Кенешем Кыргызской Республики
Парламентаризмни ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича қўшма ташаббусларни илгари суриш, Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ўртасида парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро парламентлараро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Учрашув якунлари бўйича парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакат вакиллик органларининг барча даражадаги ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш бўйича бир қатор келишувларга эришилди, қўшма аниқ тадбирлар ва парламент делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.