TOШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Ўзбекистонда аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимлари оширилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм канали хабар берди.
“Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2025 йил 1 январдан “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформаси жорий этилади.
Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ёш авлод онгига ҳалоллик қадриятларини сингдириш;
коррупцияга қарши курашишга масъул ҳамда коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган давлат хизмати лавозимларидаги ходимларнинг билим, кўникма ва малакаларини доимий равишда ошириб бориш;
давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини баҳолаш ва сертификатлаш ҳамда сертификат олган давлат хизматчиларининг реестрини юритиш;
коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги миллий ва хорижий тажриба, илмий, услубий ва амалий ишланмалар, эришилган ютуқлар бўйича электрон маълумотлар базасини юритиш;
коррупцияга қарши курашишнинг долзарб муаммолари юзасидан илмий-тадқиқот дастурлари ва лойиҳаларини, шу жумладан, миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш.