Мўғулистон президенти Ўзбекистонга келади

Ухнаагийн Хурэлсух Хива шаҳрига ҳам ташриф буюриб, маданий-тарихий мерос объектлари билан танишади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 23-26 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади.
Ташриф давомида Ўзбекистон-Мўғулистон дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилади.

Хусусан, конструктив сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, енгил саноат, соғлиқни сақлаш, транспорт, логистика ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳаларини амалга ошириш каби масалалар бўйича келишиб олинади.

Шунингдек, маданий-гуманитар ва туризм алоқаларини фаоллаштиришга қаратилган қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинади. Халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Саммит якунлари бўйича ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.
Ташриф доирасида президентлар икки давлат етакчи компаниялари ва ишбилармон доиралари билан учрашуви ҳам режалаштирилган.