TOШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Ханойда Россия ва Вьетнам президентлари Владимир Путин ва То Лам ўртасидаги музокаралар якунланди, деб хабар берди РИА Новости.
Юқори даражадаги учрашув тахминан бир ярим соат давом этди. Томонлар имзоланган икки томонлама ҳужжатлар алмашишди, давлат раҳбарлари оммавий ахборот воситалари учун баёнотлар беришди.
То Лам таъкидлаганидек, музокаралар муваффақиятли кечди, у ва Путин ҳамкорликнинг кўплаб йўналишлари, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан очиқ фикр алмашишди.
Россия раҳбари, ўз навбатида, савдо ва сармоявий ҳамкорликка катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
“Табиийки, биз минтақавий кун тартибидаги қатор масалаларни кўриб чиқдик, шунингдек, долзарб халқаро мавзуларга ҳам тўхталдик. Россия ва Вьетнамнинг улар бўйича позициялари кўп жиҳатдан мос ёки яқин эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтаман”, — деди Путин.
Россия давлат раҳбарининг қўшимча қилишича, Москва ва Ханой биргаликда халқаро ҳуқуқ устуворлиги, суверенитет, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларини қатъий ҳимоя қилади, асосий халқаро платформаларда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиради.
Вьетнам президенти халқаро муаммолар ҳақида гапирар экан, унинг мамлакати халқаро ҳуқуққа асосланган Осиё-Тинч океани минтақасида тенг ва ажралмас хавфсизлик архитектураси тарафдори эканини алоҳида таъкидлади.
Шу билан бирга, у Россияни устувор шериклардан бири деб билади.
“Биз Россия билан биргаликда мамлакатларимиз раҳбарлари томонидан кўплаб авлодлар томонидан барпо этилган анъанавий дўстона муносабатларни ривожлантиришни истаймиз”, — деди Вьетнам раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, Москва ва Ханой бир-бирига қарши қаратилган иттифоққа кирмасликка келишиб олган.
Путин, ўз навбатида, самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди.
“Илиқ деганда, мен нафақат ташқаридаги ҳаво ҳароратини, балки Ханой аҳолиси делегациямизни кўчаларда қандай самимий кутиб олишини ҳам назарда тутяпман. Фурсатдан фойдаланиб, уларга ўзимнинг энг самимий саломларим ва омонлик тилаб қоламан”, — дея қўшимча қилди Россия президенти.
У миллий валюталарда ҳисоб-китобларга изчил ўтишни муҳим деб атади. Ўтган йили бундай битимлар икки томонлама тижорат битимлари ҳажмининг 40 фоиздан ортиғини, жорий йилнинг биринчи чорагида салкам 60 фоизини ташкил этди.
Россия Вьетнамнинг долзарб халқаро муаммолар бўйича мувозанатли позициясини юқори баҳолайди.
“Албатта, биз сизнинг энг кескин инқирозли вазиятларда мувозанатли позициянгизни қадрлаймиз”, — деди Путин.
Шунингдек, у Россия ва Вьетнамнинг кўплаб долзарб халқаро муаммолар бўйича позициялари ўхшашлигини айтди.
“Биз халқаро ҳуқуқ, давлат суверенитети ва тенг ҳуқуқлилик тамойилларига асосланган адолатли, демократик, кўп қутбли дунё тартибини барпо этиш ғоялари билан ўртоқлашамиз. Биз халқаро бирлашмалар, биринчи навбатда БМТ доирасида яқин ва конструктив ҳамкорлик қиламиз”, — дея қўшимча қилди у.
Маълумот учун, Россия раҳбари давлат ташрифи билан кеча Пхеньяндан Ханойга келди. Учрашув Вьетнам давлат раҳбарининг расмий қароргоҳи – Ханой шаҳридаги Президент саройида бўлиб ўтди.