Путин КХДРнинг олий давлат мукофоти билан тақдирланди

Путин КХДРнинг олий давлат мукофоти Ким Ир Сен ордени билан тақдирланди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин икки давлат ўртасида яхши қўшничилик ва қардошлик муносабатларини ривожлантиришдаги улкан хизматлари учун КХДРнинг олий мукофоти – Ким Ир Сен ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда РИА Новости Шимолий Кореянинг “Корея овози” радиосига таяниб хабар берди.
Таъкидланишича, тақдирлаш маросими 19 июнь куни бўлиб ўтган.
“Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси, Давлат кенгаши ва КХДР Олий халқ йиғилиши Президиуми Россия президенти Владимир Владимирович Путинни КХДРнинг олий ордени – Ким Ир Сен ордени билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилди", — деб хабар берди радио.
Қайд этилишича, ушбу орден Путинга КХДР ва Россия ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатларини стратегик шериклик ва бузилмас иттифоқчилик муносабатларига кўтариш ва ривожлантиришдаги улкан хизматлари ҳамда Корея-Россия дўстлигининг янги саҳифасини очгани учун берилган.
Ким Ир Сен ордени 1972 йилда унинг олтмиш ёшга тўлиши муносабати билан унинг ўғли Ким Чен Ир таклифи билан Кимирсен мукофоти билан бир вақтда таъсис этилган. Ким Чен Ирнинг ўзи ҳам уч марта: 1978, 1982 ва 1992 йилларда ушбу орден билан тақдирланган.
Орден билан муассаса ва ташкилотлар, хусусан, Ким Ир Сен университети каби таълим муассасалари, “Нодонг Синмун” ва ЦТАК каби оммавий ахборот воситалари, Пхеньян электровоз заводи каби саноат корхоналари ҳам тақдирланади.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Путин Ким Чен Иннинг таклифига биноан 18-19 июнь кунлари КХДРда давлат ташрифи билан бўлди.
"Бу аллақачон содир бўлмоқда". Путин Россия ва КХДР душманларига қандай жавоб қайтарди