Саудия Арабистонида Ҳаж сафарида 550 зиёратчи ҳалок бўлди

Икки араб дипломатининг айтишича, ҳалок бўлганларнинг камида 323 нафари Миср фуқаролари.
Sputnik
TOШКЕНТ, 19 июн — Sputnik. Саудия Арабистонида Ҳаж зиёрати вақтида жазирама туфайли 500 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлди, хабар берди AFP нашри дипломатлар маълумотига таяниб.
“Макканинг Ал-Муайсема тумани ўликхонасида жами қурбонлар сони <...> 550 кишини ташкил этди”, – деди агентлик суҳбатдошлари.
Аввалроқ 76 нафар – 41 нафари Иорданиядан, 35 нафари Тунисдан бўлган зиёратчининг ўлими ҳақида хабар берилганди.
Икки араб дипломатининг айтишича, ҳалок бўлганларнинг камида 323 нафари Миср фуқаролари бўлган. Манбалардан бирининг айтишича, уларнинг барчаси (тиқилинч пайтида ҳалок бўлган бир кишидан ташқари) иссиқлик билан боғлиқ хасталиклардан вафот этган. Бундан ташқари, камида 60 нафар иорданияликлар ҳалок бўлган.
Шу тариқа, бир қанча давлатлар томонидан маълум қилинган ўлимларнинг умумий сони 577 тага етди. AFP нашри хабар беришига кўра, мисрликлар ўлимининг ортиши рўйхатдан ўтмаган зиёратчилар сонининг кўплиги сабабли бўлган.
“Рўйхатга олинмаган зиёратчилар Миср зиёратчилари лагерларида катта тартибсизликларни келтириб чиқарди, бу эса тартиб бузилишига олиб келди”, – деди Мисрдаги Ҳаж миссиясини назорат қилувчи вакил. Унинг қўшимча қилишича, одамлар узоқ вақт давомида озиқ-овқат, сув ва кондиционерсиз қолган.
Бу йил Ҳаж зиёрати 14-19 июнь кунлари бўлиб ўтмоқда. “AccuWeather” об-ҳаво мониторинги сайти маълумотларига кўра, 17 июнь куни Маккада ҳаво ҳарорати 45 даражага етган. Саудия Арабистони метеорология хизмати эса ўша куни шаҳардаги энг катта масжидда +52 даражани қайд этган. Саудия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, биргина 16 июнь куни 2764 зиёратчи иссиқ уришидан жабр кўрди.
Вазирлик раҳбари Фаҳд ал Жалажел зиёратчиларни маҳаллий вақт билан соат 11:00 дан 16:00 гача кўчага чиқмасликка, қуёшда юрмасликка, соябондан фойдаланишга ва кўпроқ суюқлик ичишга чақирди.
Ўтган йили Ҳаж вақтида жазирама туфайли 240 киши ҳалок бўлган, 10 мингдан ортиқ киши соғлиғи билан муаммоларга дуч келган.
Европанинг иқлим ўзгариши бўйича хизмати “Copernicus” маълумотларига кўра, ўтган май ойи рекорд даражадаги энг иссиқ бўлган. Иқлим ўзгариши Форс кўрфази мамлакатларига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Ҳароратнинг максимал кўрсаткичларидан ташқари, минтақада баҳорда рекорд миқдордаги ёғингарчилик қайд этилди.
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ўтган ҳафта Италияда бўлиб ўтган G7 йиғилишига бутун дунёдан 1,5 миллиондан ортиқ мусулмоннинг Ҳажга келиши билан боғлиқ масъулият туфайли ташриф буюра олмади.
Ҳаж 2024: Каъбани тавоф қилаётган зиёратчилар