Россия ва Шимолий Корея етакчилари музокаралар ўтказди — тафсилотлар

Россия президенти Владимир Путин ва КХДР давлат ишлари бўйича раиси Ким Чен Ин делегациялар таркибида музокаралар ўтказди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 19 июн — Sputnik. Россия Федерацияси КХДРнинг Россия сиёсатига, шу жумладан, Украина йўналишида кўрсатаётган ёрдамини қадрлайди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан кенгайтирилган таркибдаги музокаралар жараёнида маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Россия президенти Владимир Путин ва КХДР давлат ишлари бўйича раиси Ким Чен Ин делегациялар таркибида музокаралар ўтказди.
“Биз сизнинг Россия сиёсатини, жумладан, Украина йўналишидаги сиёсатини изчил ва сўзсиз қўллаб-қувватлаётганингизни юксак қадрлаймиз”, — деди Путин.
Қайд этилишича, Россия ўн йилликлар давомида АҚШнинг империалистик сиёсатига қарши курашмоқда.
"Мен ўнлаб йиллар давомида ўрнатилган гегемон сиёсатга, АҚШ ва унинг сателлитларининг Россия Федерациясига нисбатан империалистик сиёсатига қарши курашимизни назарда тутяпман", — деди Путин КХДР раҳбарига Россия сиёсатини, жумладан, Украина йўналишидаги сиёсатини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдириб.
Россия етакчисининг қайд этишича, Россия ва КХДР ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тенг ҳуқуқлилик ва бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш тамойилларига асосланади.
Россия раҳбари ҳамкасбига мурожаат қилар экан, унинг таклифидан фойдаланиб, Корея Халқ Демократик Республикасига ташриф буюрганидан чин дилдан хурсанд эканлигини таъкидлади.
“Россия ва КХДРни ўнлаб йиллар давомида мустаҳкам дўстлик ва яқин яхши қўшничилик боғлаб туради”, — деди у.
Путин, шунингдек, Россия ва КХДР ўртасидаги узоқ йиллар муносабатларига асос бўладиган янги фундаментал ҳужжат тайёрланганини маълум қилди.

“Ўтган йили сизнинг Россияга ташрифингиз натижасида бугунги кунда давлатлараро алоқаларимизни йўлга қўйишда сезиларли ютуқларга эришдик. Бугун узоқ муддатли муносабатларимизнинг асосини ташкил этувчи янги фундаментал ҳужжат тайёрланди”, — деди Россия етакчиси.

Владимир Путин аввалги авлодларнинг жасоратларини бугунги кунда Россия Федерацияси ва КХДР ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш учун яхши асос деб атади.

“Ўтмишдошларимизнинг меҳнатлари бугунги муносабатларимиз ривожи учун яхши асос бўлмоқда", — деди Россия президенти.

Путиннинг сўзларига кўра, Россия-Корея дўстлиги оғир синовлар шароитида мустаҳкамланган. У 1945 йилда совет аскарлари Кореяни япон босқинчиларидан озод қилиш учун корейс аскарлари билан елкама-елка жанг қилганини эслади.
“1950-1953 йиллардаги озодлик урушида учувчиларимиз ўн минглаб жанговар топшириқларни бажардилар. Бугун эса, билишимча, дастурда Корея озодлиги ёдгорлиги пойига гулчамбарлар қўйиш ҳам бор”, — дея қўшимча қилди Путин.
Путин Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан навбатдаги учрашуви кейинги сафар Москвада бўлишига умид билдирди.
Путин КХДРга ташрифи арафасида мақола ёзди