ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Юн Сок Ёль Ўзбекистон-Корея бизнес форумида иштирок этдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Мирзиёев ўз нутқида Корея Республикаси Ўзбекистоннинг анъанавий ва йирик савдо, инвестиция ва технологик ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади. Ўтган йил якунида 2,5 миллиард долларга етган товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ўсгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистон иқтисодиётидаги корейс инвестициялари ҳажми 7,5 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Олий даражадаги музокаралар чоғида етакчилар савдо ва инвестицияларни кўпайтириш чораларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қўшма лойиҳаларни молиялаштиришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида келишиб олдилар.
Главы Узбекистана и Южной Кореи приняли участие в совместном бизнес-форуме
“Биз замонавий шароитларда ҳамкорликнинг янги моделини яратишга келишиб олдик. Ўзаро муносабатларимизда “Юқори технологик ва инновацион ҳамкорликнинг янги даври” бошланмоқда, – деди Мирзиёев.
Ўзбекистонда минтақавий юқори технологик хабни ташкил этиш бўйича стратегик дастурни ишлаб чиқишга қарор қилинди. Дастур ўта муҳим хомашё ресурслари, ярим ўтказгичлар, кимё, машинасозлик, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва шаҳарсозлик, “яшил” энергетика каби устувор йўналишларни қамраб олади.
Мирзиёев сўнгги йилларда Корея Республикаси Ўзбекистон иқтисодиёти ва саноатини модернизация қилишда муҳим ҳамкорга айланганини таъкидлади. Бугунги кунда Кореянинг етакчи компаниялари ва банклари билан 5 миллиард долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Главы Узбекистана и Южной Кореи приняли участие в совместном бизнес-форуме
Етакчилар бизнес форуми доирасида 9,6 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари тўплами тайёрланганини мамнуният билан қайд этдилар. Мирзиёев Янги Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлиги ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар ортга қайтмаслигини алоҳида таъкидлади.
“Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигининг салоҳияти жуда юқори. Бизнинг иқтисодиётларимиз бир-бирини самарали тўлдиришга қодир”, – деди Мирзиёев.
Шу нуқтаи назардан келгуси ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Аввало, стратегик хомашёни илғор технологиялар асосида чуқур қайта ишлаш ва юқори қийматли маҳсулотларни учинчи давлатларга экспорт қилиш.
Бу борада муҳим қадам сифатида ўта юпқа мис фольгани биргаликда ишлаб чиқариш бўйича битим имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон-Корея нодир металлар илмий-технологик маркази фаолиятини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган.
Электротехника саноатидаги шериклик доирасида Тошкент вилоятида Марказий Осиёда биринчи яримўтказгичлар кластерини барпо этиш ҳамда электротехника ва техник кремний ишлаб чиқариш бўйича кооперацияни кенгайтириш режалаштирилган.
Ўзбекистон кимё соҳасида корейс бизнеси билан стратегик шерикликни ривожлантириш ниятида. “Яшил” водород, аммиак ва каучук маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалари қўллаб-қувватланди. Шунингдек, ташриф доирасида Эксимбанк ва KOICA кўмагида Кимё технологиялари марказини ташкил этишга старт берилмоқда.
Корея компаниялари Ўзбекистоннинг автомобилсозлик соҳасидаги минтақавий етакчилигида муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Масалан, KIA билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида замонавий автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Мирзиёев корейс бизнесини машиналарнинг янги моделлари ва бутловчи қисмларини маҳаллийлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга чақирди. Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, аграр тармоққа “ақлли” технологияларни жорий этиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирилди.
Шу маънода, Ўзбекистон ҳудудларида қайта тикланадиган энергия манбалари асосида ишлайдиган “яшил” иссиқхоналар ва боғлар яратиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш бошлангани мамнуният билан қайд этилди.
Главы Узбекистана и Южной Кореи приняли участие в совместном бизнес-форуме
Ўзбекистонга Hyundai Rotem тезюрар поездларини етказиб бериш бўйича келишув имзолангани мамнуният билан қайд этилди.
Корея молиявий институтлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳимлиги таъкидланди. Саммит доирасида ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш бўйича EDCF жамғармаси билан умумий қиймати 2 миллиард долларлик ҳамкорлик дастури имзоланди.
Мирзиёев корейс ишбилармон доиралари вакилларига Ўзбекистон Ҳукумати барча келишувларни ўз вақтида ва самарали амалга оширишда фаол қўллаб-қувватлашини айтди. Шу мақсадда қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва илгари суришнинг янги тизими жорий этилиши эълон қилинди.
Главы Узбекистана и Южной Кореи приняли участие в совместном бизнес-форуме
Ўз навбатида, Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини юқори баҳолаб, ўзаро манфаатли шериклик кўламини кенгайтириш учун ишга солинмаган катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.