Тожикистонда депутат хорижий кучлар ёрдамида ҳукуматни эгаллаб олмоқчи бўлди

Тожикистон парламенти депутати хориждан катта пул ва жангарилар ёрдамида ҳукуматни эгаллаб олмоқчи бўлган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 июн – Sputnik. Тожикистон Демократик партияcининг собиқ раҳбари Сайиджафар Усмонзода ҳибсга олинди, деб хабар қилмоқда Sputnik Тожикистон “Ховар” ахборот агентлигига асосан.

Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон парламент қуйи палатаси мажлисида депутатларга Усмонзодага нисбатан ЖК 306-моддаси 2-қисми “в” банди (“Ҳокимиятни мажбуран тортиб олиш”) бўйича жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълум қилди.
У Тожикистонда тақиқланган “Паймони Милли Тожикистон” ташкилоти етакчилари билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, республикада ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўришда айбланмоқда.
Юсуф Раҳмоннинг айтишича, ўз режасини амалга ошириш учун Усмонзода жамиятнинг турли қатламларидан, жумладан, хориждан ҳам тарафдорларини жалб қилган.
Хусусан, “Ислом Уйғониш партияси*” экстремистик-террорчи ташкилоти раҳбари Муҳиддин Кабирий унга моддий ёрдам кўрсатиши ҳамда “Жамоат Ансоруллоҳ*” террорчилик ташкилоти хориждан Тожикистонга 3 мингдан ортиқ жангари юборишни режалаштирган.
“Олдиндан тузилган режага кўра, улар мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида тезкорлик билан ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, қурол-яроғлар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳарбий тузилмалар биноларини эгаллаб олиш, зўрлик билан мамлакатда ҳукуматни ағдаришни мақсад қилганлар”, - деди Юсуф Раҳмон.
Шунингдек, у ушбу жиноятни амалга ошириш учун Усмонзода хорижий давлатлардан бирининг вакилидан мамлакатдаги нуфузли шахсларни жалб қилиш ва митинглар уюштириш учун 10 миллион доллар сўраганини қайд этди.
* Россияда тақиқланган террорчи ташкилотлар