Доллар ҳукмронлиги тугадими? Саудия Арабистони нефт-доллар шартномасини узайтирмади

Саудия Арабистони АҚШ билан 50 йил олдин имзоланган шартномани узайтиришдан бош тортди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 июн – Sputnik. Қўшма Штатлар ва Саудия Арабистони 1974 йилда икки давлат орасида кенг қамровли келишув имзолаган эди.

Унга кўра АҚШ Саудия Арабистонини замонавий қурол-аслаҳа билан таъминлаши, Ар-Риёд эса ўз навбатида нефтни фақат долларга сотишга ва даромадларнинг катта қисмини АҚШ қимматли қоғозларига киритиш мажбуриятини олган.
Ушбу шартнома туфайли долларга бўлган глобал талаб ўсиб, АҚШ валютаси курсини мустаҳкам қилган ва Америка импортини арзонлаштирган эди. Бундан ташқари, АҚШ қимматли қоғозларига киритилган сармоялар фоиз ставкаларни паст даражада ушлаб туришга ёрдам берди. Ярим аср давом этган шартнома туфайли "нефть доллари" атамаси пайдо бўлди.
Лекин 2024 йил 9 июнь куни ушбу шартноманинг муддати тугади ва Саудия Арабистони уни узайтиришдан бош тортди. Энди қироллик нефтни исталган валютага сотиши мумкин.

Бу эса долларга бўлган глобал талабнинг камайишига ва охир оқибат америка валютасининг заифлашишга ва олиб келиши мумкин, дейди TipRanks молиявий таҳлил платформаси эксперти Пол Хофман.
"Муқобил энергия манбаларининг ривожланиши, нефть бозоридаги кучлар мувозанати ўзгариши сабабли “нефть доллари”нинг ҳукмронлиги ниҳоясига етган бўлиши мумкин. АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги шартнома муддати якунланиши жаҳон молиявий тартибини бузиши мумкин.
Долларнинг нефть учун асосий тўлов валютаси бўлиш муддатининг тугаши долларни заифлаштириши мумкин ва бунинг натижасида АҚШ молия бозорлари ҳам заифлашади. Нефтни баҳолаш учун бошқа валюталардан фойдаланиш — долларга бўлган глобал талабнинг пасайишига олиб келиши мумкин. Бу эса АҚШда юқори инфляция, юқори фоиз ставкалари ва облигациялари бозорининг заифлашувига олиб келади, - деди Хоффман.
Эксперт айтишига кўра, нефть долларининг заифлашуви глобал бозорларда ҳам кучлар мувозанатини ўзгартириб юбориши мумкин.
Нефть доллари шартномасининг тугаши глобал миқёсда кучлар мувозанатини сезиларли ўзгариши мумкин. Бу ривожланаётган иқтисодларнинг таъсирини кучайтириши ва энергетика ландшафтини ҳам ўзгартириб юбориши мумкин, дейди мутахассис.

"Бу ўзгаришнинг барча натижалари дарҳол кўринмаса-да, бундан буён глобал молиявий тартибда доллар ҳукмронлиги кафолатланмаган бўлади”, - деб хулоса қилди эксперт.
Доллардан воз кечиш

2022 йилнинг февраль ойида Россия махсус операция бошлаганидан сўнг АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари Россиянинг доллар ва Еврода сақланаётган $ 300 млрд. активларини ноқонуний музлатиб қўйишган эди. Ундан ташқари АҚШ ва ЕИ давлатлари Россия банкларига нисбатан валюта операциялари ўтказиш, халқаро тўлов тизимларидан фойдаланиш бўйчиа мисли кўрилмаган санкциялар киритишди.

Шундан сўнг Россия ўз нефти ва газини нодўст мамлакатларга фақат рублда сотишини эълон қилди. Дунёнинг бошқа давлатлари эса уларнинг ҳам валюта захиралари сиёсий сабаблар туфайли хавф остида қолиши мумкинлигини англаб етишди. Россиянинг йирик ҳамкорлари ҳисобланган Ҳиндистон, Хитой, МДҲ ва БРИКС давлатлари ўзаро савдо-сотиқда миллий валюталардан фойдаланишга ўтиш бошланди. Кейинчалик ушбу тенденцияга қатор Африка давлатлари ҳам қўшилди. Энг йирик нефт сотувчиси бўлган Саудия Арабистони эса ўз нефтини нафақат долларга, балки қисман бошқа валюталарга сотишни ҳам бошлади.