Жанубий Корея президенти рафиқаси билан Ўзбекистонга келди

Олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Бош вазири ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль рафиқаси Ким Гон Хи билан Тошкентга келди, дея хабар берди Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати.
Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль рафиқаси Ким Гон Хи билан Тошкентга келди

“Бугун, 13 июнь куни, Корея президенти юртимизга ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон бош вазири ва бошқа расмийлар кутиб олди”, — дейилади хабарда.

Қисқа суҳбатдан сўнг Корея президенти турмуш ўртоғи ҳамроҳлигида ўзлари учун ажратилган қароргоҳга жўнаб кетди.
Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль рафиқаси Ким Гон Хи билан Тошкентга келди
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль 13-15 июнь кунлари давлат ташрифи билан республикада бўлади.
Ташриф дастурига мувофиқ, Тошкентда бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон-Корея дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.
Савдо, инновациялар ва технологиялар алмашинуви, энергетика, электроника ва электротехника, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмавий ривожланиш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари эътибор марказида бўлади. Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги қўшма дастурлар муҳокама қилинади.
Шунингдек, минтақавий, шу жумладан, "Марказий Осиё – Корея Республикаси" форматидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашиш режалаштирилган. Саммит якунлари бўйича бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон ва Жанубий Корея президентлари қўшма бизнес форумида иштирок этишади. Президент Юн Сок Ёль мамлакатнинг бой маданий-тарихий мероси билан танишиш мақсадида Самарқандга ташриф буюради.