Россия кунини нишонлаш зарур ва тарихий жиҳатдан тўғри — Владимир Путин

Владимир Путин: бутун Россия ҳарбий ҳаракатлар иштирокчиларини қўллаб-қувватлайди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. Россия давлатчилиги оғир, ҳатто фожиали даврларни бошидан кечирди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин ватандошларини Россия куни билан табриклаш чоғида маълум қилди.
Бугун Кремлда фан ва техника, адабиёт ва санъат соҳаларидаги давлат мукофотлари, шунингдек, 2023 йил учун инсон ҳуқуқлари ва хайрия фаолиятидаги улкан ютуқлари учун ҳамда Меҳнат Қаҳрамонларига олтин медалларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
“Россия куни билан табриклайман! Бу бизнинг Ватанимиз шарафига бағишланган байрамдир. Биз уни юртимизга ҳурмат, унинг кўп асрлик тарихи, аждодларимиз васиятлари, эришган ютуқлари ва ғалабаларига эҳтиром билан нишонлаймиз”, — деди Россия етакчиси Кремлда давлат мукофотларини топшириш маросимида.
Путиннинг қўшимча қилишича, Россия кунини нишонлаш зарур ва тарихий жиҳатдан тўғри, чунки бу мамлакатнинг минг йиллик йўлининг давомийлигини англатади.
“Россия давлатчилиги жуда кўп оғир, ҳатто фожиали даврларни бошидан кечирди, лекин халқимиз ҳар доим барча қийинчилик, тўсиқ ва мусибатларни енгиб ўтди, ватаннинг улуғворлигини яратди ва оширди”, — дея қайд этди у.
Унинг сўзларига кўра, бугун мамлакат учун оғир дамларда ватанпарварлик, Ватан тақдири учун масъулият барчани яна бир бор бирлаштирди.

“Бу туйғулар ҳар биримизга яқин ва азиздир, улар махсус ҳарбий операция иштирокчилари учун ишончли таянч бўлиб хизмат қилади”, — деди Россия президенти.

Унинг таъкидлашича, бутун Россия ҳарбий ҳаракатлар иштирокчиларини қўллаб-қувватлайди.
"Мамлакатимиз олдида турган кенг кўламли муаммоларни фақат биргаликда ҳал қилиш мумкин. Ва бу ерда истеъдодли, ақлли, муваффақиятли одамларнинг шахсий намунаси катта рол ўйнайди, улар умумий манфаат учун қўлидан келганини қилишга тайёр. Ватан тақдирига бундай дахлдорлик, касбига садоқат, тиним билмай олға интилиш ҳар бирингизга хосдир", — дея хулоса қилди у.