Москвада қорақалпоқ шеърияти тақдим этилди

Келгусида Россияда қорақалпоқ шеъриятининг яна иккита тўпламини чиқариш режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 июн — Sputnik. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида Россияда нашрдан чиққан “Қорақалпоқ шеърияти антологияси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда 80га яқин Россия давлат ва жамоатчилик вакиллари, қорақалпоқ диаспоралари раҳбарлари, шоирлар, адабиётшунос олимлар ва журналистлар иштирок этишди.
Презентация книги "Антология каракалпакской поэзии" в посольстве Узбекистана
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов шеърларда қорақалпоқ халқининг ички ҳис-туйғулари, орзу ва умидлари акс этганин таъкидлаб, Ўзбекистон ва Россия орасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш мавзуларида тўхталиб ўтди.
Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси Кенесбай Каримовнинг таъкидлашича, “Қорақалпоқ шеърияти антологияси” каби китоблар рус ва қорақалпоқ ёзувчилари ўртасидаги адабий алоқаларни яна мустаҳкамлайди.
“Маданий ҳамкорлик халқларимиз ўртасида дўстлик ва ўзаро англашув кўприкларини барпо этишга қодир. Бундай самимий алоқалар, шубҳасиз, бугунги мураккаб дунёда жуда зарурдир, – деди Kаримов.
Презентация книги "Антология каракалпакской поэзии" в посольстве Узбекистана
Тадбирда Россия Федерация Кенгаши Фан, таълим ва маданият қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илёс Умаханов ҳам иштирок этди.
“Бизнинг нотинч, нотинч дунёмизда маданий тарихий ўзига хослик, анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш алоҳида аҳамият касб этади. Нашр россиялик китобхонларнинг кенг доирасига қардош республикамизнинг ажойиб шеърияти билан яқиндан танишиш имконини беради”, — деди Умаханов.
“Қорақалпоғистон шеърияти антологияси” Алишер Усмоновнинг "Санъат, фан ва спорт" хайрия жамғармаси ёрдамида нашрдан чиққан. Келгусида қорақалпоқ шеъриятининг яна иккита тўпламини чиқариш кўзда тутилган.
Тадбир сўнгида Қорақалпоғистон диаспораси вакиллари ижросида миллий рақслар ҳамда Москва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ватандош талабаларнинг куй-қўшиқларидан иборат маданий дастур бўлиб ўтди.
Ундан ташқари, ушбу тадбир учун махсус элчихона ички ҳовлисида қорақалпоқ ўтови қурилди ва унда қорақалпоқ халқининг миллий буюмлари намойиш этилди.