Мирзиёев ҳар бир ҳокимга электр ва газни тежаш бўйича топшириқ берди

Бу йил 1 мингта ижтимоий объектни куз-қиш мавсумига тайёрланади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 11 июн — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир ҳокимга биттадан туманни танлаб, электр ва газ тежаш бўйича намуна қилишни топширди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев раислигида энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда энергетика соҳаси объектлари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, ўтган йили электр ва газни тежаш бўйича туманбай дастурлар қабул қилинди. Хонадонлар ва ижтимоий объектларда ўрнатилган биргина қуёш коллекторлари ҳисобига 20 миллион киловатт электр тежалмоқда. Саноат корхоналари ҳам “яшил энергия” манбаларини жорий қилмоқда.
“Лекин айрим ҳудудларда ишлар суст бўлгани учун электрни иқтисод қилиш режаси тўлиқ бажарилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Янги ижтимоий объектларни лойиҳалаштиришда энергия тежамкорлик бўйича қатъий талаб киритиш, маъмурий бинолар, кўп қаватли уйлар, корхона, савдо ва сервис биноларида энергия самарадорлиги бўйича техник шартларни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди”, — дейилади хабарда.
Йиғилишда жорий йилда 1 мингта ижтимоий объектни куз-қиш мавсумига тайёрлаш топширилди. Жумладан, 251 та шифохона, 292 та боғча, 393 та мактаб ва интернат таъмирланади.
"Президент тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг бу йил электр ва газни тежаш режаси қониқарсиз эканини, улар янада катта марра олиши шартлигини таъкидлади. Ҳар бир ҳокимга биттадан туманни танлаб, электр ва газ тежаш бўйича намуна қилиш топширилди", — дея қайд этилган хабарда.
Ушбу туманларда бу йил 750 миллион киловатт электр ва 550 миллион куб метр газ иқтисод қилинишига эришиш муҳимлиги таъкидланди.
“Тежаш – йўқотишларни камайтириш, тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бўлиши шарт”, — деди давлат раҳбари.
Йиғилишда бундан буён илғор тажриба асосида соҳа ва тармоқларда энергия самарадорлигини баҳолаш бўйича янгича тизим амал қилиши белгиланди. Бунда йилига камида 4 миллион киловатт электр ёки 375 минг куб метр газ сарфлайдиган йирик истеъмолчилар ҳар уч йилда энергия аудитидан ўтади. Энергоинспекция ҳар йили йирик истеъмолчилар рўйхатини эълон қилиб боради, аудитдан ўтмаган корхоналарга газ ва электр оширилган тарифда етказилади.
Мутасаддиларга йил якунигача янги тизим билан боғлиқ техник регламент ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.