TOШКЕНТ, 11 июн — Sputnik. Бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича маҳаллаларга қўшимча яна 14 триллион сўм ажратилади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев раислигида энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда энергетика соҳаси объектлари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, республикадаги 39 мингга яқин кўп қаватли уйга 819 та бошқарув компанияси хизмат кўрсатмоқда. Солиқ имтиёзи, арзон кредит берилгани, эски қарзлар “музлатилгани” ҳисобига улар оёққа турмоқда. Масалан, бир йил олдин 133 та бошқарув компанияси “оғир” тоифада бўлган бўлса, ҳозир бундай компания қолмади. Натижада йил бошидан 2 минг 100 та кўп қаватли уй таъмирланди, 1 миллионга яқин дарахт ва гул кўчатлари экилди.
“Йиғилишда ҳамма жойда ҳам одамлар уйларни бошқариш сифатидан қониқмаётгани қайд этилди. Кўплаб бошқарув компаниялари фақат кўчаларни супуриш ва тозалаш, жорий таъмирлаш билан чекланаяпти. Лекин уйлар атрофини ободонлаштириш, том, ички ва суғориш тармоқларини соз ҳолда сақлаб туриш каби асосий вазифалар эътибордан четда қолиб кетмоқда”, — дейилади хабарда.
Яқинда бошқарув компаниялари хизмати учун тарифнинг энг кам миқдори белгиланди. Энди бошқарув ва эксплуатация сифати ҳам шунга яраша бўлиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Бошқарув компаниялари аҳоли ва коммунал ташкилот ўртасида “кўприк” бўлиши кераклиги қайд этилди.
“Бундан буён қурилганига икки йилдан ошмаган уйларда, яъни кафолат муддатида муаммо чиқса, пудратчи билан бирга уларни бартараф қилишга масъул бўлиши белгиланди”, — дея қайд этилди хабарда.
Кўп қаватли уйлар сейсмо-конструкциясига ноқонуний ўзгартириш киритиш ҳолатлари кузатилаётгани, янги кўп қаватли уйларда бино чўкиши, ундаги ёриқлар, шўрланиш ва сифат бўйича аҳолидан эътирозлар бўлаётгани қайд этилди.
Масъул ташкилотларга уйлар хавфсизлиги ва инфратузилма сифати бўйича пудратчилар мажбурияти бажарилишини қатъий назоратга олиш, конструкцияни ноқонуний ўзгартириш ҳолатларини эрта аниқлаш тизимини жорий қилиш топширилди.
“Бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳар бир маҳалладаги ҳақиқий аҳвол ўрганилди, туманлар кесимида дастур ишлаб чиқилди. Тайёргарлик ишларига ўтган йилги 14 триллион сўмга қўшимча яна 14 триллион сўм ажратилиши белгиланди”, — дея таъкидланган хабарда.
Йил бошидан вилоятларда 250 та авариявий ўчиш рўй берган, оқибатда айрим жойлардаги истеъмолчиларга электр барқарор етказилмаган. Шунингдек, баъзи кўп қаватли уйлардаги электр қутилар ва ундаги симлар муддатини ўтаб бўлган.
Мутасаддиларга бу борадаги камчиликларни тўлиқ бартараф этиш топширилди. Ишларни энг оғир маҳаллалардан бошлаб, йил якунигача 30 минг километр тармоқ, 10 мингта трансформаторни яхшилаш вазифаси қўйилди.