БМТ Ўзбекистон ва Хитой ишлаб чиққан резолюцияни маъқуллади

10 июнни Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни деб эълон қилиш маъқулланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 июнь — Sputnik. БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ва Хитой томонидан ишлаб чиқилган "Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни" деб номланган резолюцияни бир овоздан маъқуллади, дея хабар берди мамлакат ташқи ишлар вазирлиги.
Резолюцияга 80 дан ортиқ аъзо мамлакатлар, шу жумладан Марказий Осиёнинг барча давлатлари, Арманистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Беларусь, Эрон, Индонезия, Кувайт, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Покистон, Қатар, Россия, Саудия Арабистони, Туркия ва Венгрия томонидан ҳаммуаллифлик қилган.
Ҳужжат Ўзбекистон раҳбариятининг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси (2023 йил) ва ШҲТнинг Самарқанд саммитида (2022 йил) умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик руҳини юксалтириш зарурлиги, конструктив ҳамкорликка интилиш, шунингдек, тинчлик ва барқарор фаровонликка эришиш учун халқаро ҳамжамиятларнинг саъй-ҳаракатларини сафарбар қилиш тўғрисида билдирилган қарашларини концептуал тарзда акс эттиради.
Ҳужжатда дунёда диний ва маданий хилма-хиллик муҳимлиги эътироф этилган ҳолда, барча маданиятлар ва тамаддунларнинг инсониятни тараққиётига қўшган ҳиссаси ижобий қайд этилган. Турли маданиятлар ва цивилизациялар ўртасида бағрикенглик, ҳурмат, мулоқот ва ҳамкорлик рағбатлантирилади.

“Резолюцияда цивилизациялар хилма-хиллиги қадриятини англаш, мулоқот, ўзаро ҳурмат ва глобал бирдамликни ривожлантириш мақсадида 10 июнни Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган”, — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 4 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан "Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракатланиш ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги" резолюциясини бир овоздан қабул қилди. Яширин овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон БМТга аъзо давлатларнинг 185 овозини тўплади ва ўз тарихида биринчи марта БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашига (ECOSOС) уч йил муддатга сайланди.