ТОШКЕНТ, 5 июн — Sputnik. Тошкентда Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) форумининг 19-йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси – Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти матбуот хизмати хабар берди.
Форум “Янги шароитларда ШҲТнинг роли: умуминсоний хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонлик йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш” мавзусига бағишланган.
Иштирокчилар – 10 та давлатдан 40 нафардан ортиқ экспертлар, жумладан, ШҲТга аъзо мамлакатлар миллий тадқиқот марказлари делегацияси, кузатувчи давлатлар мутахассислари ва ШҲТ мулоқоти бўйича ҳамкорлар, шунингдек, ШҲТ Котибияти ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси раҳбарияти.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, ҳозирги босқичда ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш ва уни ривожлантириш истиқболларига эътибор қаратилмоқда.
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов ШҲТ Форуми фаолиятини самарали эксперт ва таҳлилий платформа сифатида юқори баҳолади.
“ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчилар ва мулоқот бўйича ҳамкорлар бўлган йирик “ШҲТ оиласи”нинг барча мамлакатлари вакилларининг ушбу форматга уланиши ҳозирги шароитда бу йўлда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш тобора оммалашиб бораётганидан далолат беради”, — деди эксперт.
Шу билан бирга, у “ШҲТ Форуми фақат нимадир дейиш ва кимнидир эшитиш учун йиғиладиган мунозаралар клубига айланиб қолмаслиги” муҳимлигини таъкидлади.
"Биз ишимиз мустаҳкам амалий таъсир кўрсатишини таъминлашимиз керак", — деди Арипов.
Унинг фикрича, янги таҳдид ва чақириқларга самарали жавоб бериш учун “ШҲТ фаолиятини янги шароитларга мослаштиришнинг объектив зарурати бор”.
ШҲТ форумлари йиғилишлари ШҲТнинг асосий қарор қабул қилувчи органлари – Давлат раҳбарлари кенгаши ва Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг кун тартибини бойитиш учун эксперт ва таҳлилий озуқа бўлиб хизмат қилиши жуда муҳим, дея қўшимча қилди Арипов.
ШҲТ бош котиби Чжан Мин иштирокчиларни табриклади. У ташкилот эришган ютуқларга тўхталиб, ШҲТ ўзининг 20 йилдан ортиқ ривожланиши давомида давлат раҳбарлари учрашувларининг минтақавий механизмидан энг йирик кенг қамровли халқаро ташкилотга айланганини таъкидлади.
Бундан ташқари, у “катта ШҲТ оиласи” аъзолари сони ортиб бораётганини айтди.
“Келгуси ой Остонада бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида Беларуснинг ШҲТга аъзо бўлиши тўғрисида қарор қабул қилинади ва шу тариқа ШҲТга аъзо давлатлар сони тарихий икки рақамли ютуққа эришади”, – деди Чжан Мин.
Шунингдек, у ШҲТ нафақат сиёсат, дипломатия, тинчлик, тараққиёт, хавфсизлик каби “юқори даражадаги” вазифаларга, балки туризм, спорт, чиқиндиларни утилизация қилиш каби “халққа яқин” мавзуларга ҳам эътибор қаратаётганини қайд этди”.
Жорий тадбир ҳақида гапирар экан, Чжан Мин “19 йиллик фаолияти давомида ШҲТ Форуми ташкилотнинг энг нуфузли маслаҳат ва эксперт механизмига айланганини” таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бугунги форумда ШҲТни янги даврда ривожлантириш учун катта амалий ва узоқ муддатли аҳамиятга эга бўлган мавзулар муҳокама қилинади. Иштирокчилар эътибори ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, ташкилот фаолиятининг ҳозирги босқичида самарадорлигини ошириш ва уни ривожлантириш истиқболларига қаратилган.