Ўзбекистон ва ЕОИИ

Ўзбекистон Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши мажлисида қандай таклифларни илгари сурди?

Несвижда Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги мажлиси ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) Ҳукумат раҳбарлари кенгашида Самарқанд шаҳрида ЕОИИ ишбилармонлар кенгашининг биринчи қўшма форумини ўтказишни таклиф қилди.
Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Беларусь Республикаси Несвиж шаҳрида ЕОИИ Ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.
Ўзбекистон бош вазири Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.
Мажлисда Абдулла Арипов Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи сифатидаги даврида аъзо давлатлар билан кўп томонлама иқтисодий ҳамкорликни жадал ривожлантираётгани, янги ўсиш нуқталарини шакллантириш борасида изчил ишлар амалга оширилаётгани таъкидлади.
"Ўзбекистон савдо ва юк ташишни рақамлаштириш, электрон тижорат ва иқлим масалалари бўйича соҳавий лойиҳа ҳамда дастурларга қўшилгани маълум қилинди. Ҳозирги кунда минтақа мамлакатлари иқтисодиётининг рақобатдошлигидан фаол фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди", — дейилади хабарда.
Йиғилишда Арипов қуйидагиларни таклиф этди:
ЕОИИ мамлакатлари билан савдодаги тўсиқлар ва чекловларни ўзаро бартараф этиш;
санитария, фитосанитария ва ветеринария назоратининг ахборот тизимларини интеграциялаштириш;
“Шимол-Жануб” транспорт коридорини Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё ҳамда Яқин Шарқ бозорлари томон йўналтириш;
саноат кооперациясини янада ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш;
Самарқанд шаҳрида ЕОИИ ишбилармонлар кенгашининг биринчи қўшма форумини ўтказиш.
Шунингдек, “яшил” коридор тизимларини кенгайтириш, қўшма агросаноат кластерлари ва логистика марказларини ташкил этиш, “яшил” ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этишда умумий ёндашувлар ва яқин ҳамкорликни ишлаб чиқиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, Минск ва Несвиж шаҳарларида Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши, “Белагро – 2024” халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон ҳукумати делегацияси кузатувчи мақомида иштирок этмоқда.
Дастлаб, Минскдаги “Улуғ тош” Хитой-Беларусь саноат паркида “Евросиё иқтисодий иттифоқининг озиқ-овқат хавфсизлиги” ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Ялпи мажлисда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов сўзга чиқди. Бугун Несвижда Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва ЕОИИ
Қишлоқ хўжалиги ва логистика: Евроосиё ҳукуматлараро кенгашида қандай фикрлар билдирилди?