Шавкат Мирзиёев Туркияга боради — ташрифдан мақсад

Ташриф доирасида Анқара шаҳрида икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши ўтказилиши кўзда тутилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан 6 июнь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ташриф доирасида Анқара шаҳрида икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши ўтказилиши кўзда тутилган.
Саммит кун тартибидан Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.
Амалий ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат, "яшил" энергетика, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика тармоқлари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда, шу жумладан давлат-хусусий шериклик дастури доирасида кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади.
Фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалалари кўриб чиқилади. Халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилади.
Олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Туркия президентлари икки мамлакат етакчи корхоналари ва компаниялари раҳбарлари билан биринчи қўшма учрашувини ўтказадилар.