ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Эрон Евроосиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи давлат мақомини олишга қизиқиш билдирди. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раҳбари Бахитжан Сагинтаев Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши якунлари бўйича матбуотга берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
"Биз 27 май куни тегишли нотани олдик. У белгиланган тартибда кўриб чиқилади", — деди у.
Россия бош вазирининг ўринбосари Алексей Оверчук ушбу мақомни олиш учун маълум тартиб-қоидалар мавжуд эканини эслатди.
Аммо улар амалга оширилса, Эрон тахминан шу йилнинг декабрь ойи охирида кузатувчи бўлиши мумкин бўлади.
Ҳозирда ЕОИИга Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия киради. Ўзбекистон, Куба ва Молдова ташкилотда кузатувчи мақомига эга.