Тошкент "Марказий Осиё -Хитой" форумига мезбонлик қилади — тафсилотлар

Форум 4 июнь куни “Умумий фаровонлик ва барқарор тарақиёт йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорлик” мавзуида бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. Тошкентда таҳлил марказларининг "Марказий Осиё -Хитой" IV форуми ўтказилади, дея хабар берди Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти.
Форум 4 июнь куни “Умумий фаровонлик ва барқарор тарақиёт йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорлик” мавзуида бўлиб ўтади.
Тадбир Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Тадбирда 20 та илмий-тадқиқот ва таҳлилий марказлардан 40 дан ортиқ мутасадди ва экспертлар, ХХР ва Марказий Осиё мамлакатларининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этади.
“Форумнинг кун тартиби ХХР ва МО мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатига оид масалалар, саноат кооперацияси, рақамлаштириш, “яшил” энергетик ҳамда транспорт-логистика ва инновацион соҳаларда ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокамасини ўз ичига олади”, — дейилади хабарда.
Форум якуни бўйича томонлар ўртасида ХХР ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигининг долзарб йўналишлари белгилаб олинади, шунингдек, янги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилади.
Маълумот учун, форум Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил май ойида Сиан шаҳрида Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари саммитида билдирилган ташаббусларини амалга ошириш доирасида ўтказилмоқда.