ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, НАТОга аъзо давлатлар Киевни Россия билан "маъносиз урушни давом эттиришга" ундамоқда. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Песков брифингда Ғарб давлатлари вакилларининг Украина можаросининг бориши ҳақидаги баёнотларига муносабат билдирар экан "улар Украинани бу бемаъни урушни давом эттириш учун ҳар томонлама провокация қилмоқдалар", деди.
Песковнинг қайд этишича, Европа Иттифоқидаги барча давлатлар ҳам мустақил бўлишга қодир эмас.
"Европа Иттифоқи муносабатлари тизимида ҳамма мамлакатлар ҳам маълум даражада мустақилликка эриша олмайди", — деди Песков журналистларга.
Унинг сўзларига кўра, НАТОга аъзо давлатлар Россия билан урушни том маънода ҳам, мажозий маънода ҳам давом эттириш ниятида.
“Ўзлари (НАТО давлатлари – таҳр.) биз билан урушни том маънода ва мажозий маънода давом эттириш ниятида. Буларнинг барчаси, албатта, муқаррар равишда ўз натижасини беради”, — деди Россия раҳбари матбуот котиби.
У, шунингдек, Украинадаги кескинликни қўллаб-қувватлашни танлаган давлатлар, хусусан, НАТО давлатларининг манфаатлари катта зарар кўришини таъкидлади.
“Буларнинг барчаси, албатта, ўз оқибатларини келтириб чиқариши муқаррар. Бу эса пировард натижада кескинликни ошириш йўлини тутган давлатлар манфаатларига катта зарар етказади”, — дея тушунтирди Песков.